Тошкентда от спортининг поло тури бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бошланди
Мамлакатимизда от спортини оммалаштириш, қадимий чавандозлик анъаналарини замонавий спорт турлари билан уйғун ҳолда ривожлантириш йўлидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Ўзбекистон поло федерацияси ҳамкорлигида от спортининг поло тури бўйича аёллар ва эркаклар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақасига старт берилди.
Мазкур мусобақа мамлакатимизда от спортини, хусусан, поло йўналишини янада ривожлантириш, ёшлар ўртасида ушбу спорт турига бўлган қизиқишни ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ҳамда чавандозлик мактаблари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Нуфузли спорт тадбирида Миллий гвардия тизимидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Чавандозлар мактаблари поло жамоалари ўзаро куч синашмоқда. Мусобақада республикамизнинг турли ҳудудларидан жами 160 нафар спортчи иштирок этмоқда.

Шундан 75 нафари қизлар, 85 нафари эса ўғил болалардан иборат. Бу эса мусобақада ёш спортчиларнинг, хусусан, қизларнинг ҳам поло спортига бўлган қизиқиши ва фаоллиги ортиб бораётганидан далолат беради. Беллашувлар давомида иштирокчилар ўзларининг чавандозлик маҳорати, тезкорлиги, жамоавий ҳамкорлиги, чаққонлиги ҳамда тактик тайёргарлигини намойиш этиш имкониятига эга бўлади.

Поло спорти нафақат жисмоний чиниқиш, балки юқори даражадаги мувофиқлик, тезкор қарор қабул қилиш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва масъулиятни ҳам талаб этади. Мазкур мусобақа ёш авлодни жисмонан соғлом, иродали ва фаол этиб тарбиялаш, миллий чавандозлик анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган иқтидорли поло спортчиларини етиштириш йўлидаги муҳим спорт тадбирларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон кубоги доирасидаги беллашувлар иштирокчиларга ўз маҳоратини намойиш этиш, тажриба алмашиш ва янги марралар сари интилиш учун муносиб имконият яратмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА