Ғалабаларга ғов бўлаётган допинг масаласи муҳокама қилинди
Жаҳон чемпионатлари ёки Олимпия ўйинларида совринли ўринларни эгаллаган спортчида допинг аниқланса, унинг оқибатида нафақат спортчи, мамлакат катта ютуқдан бебаҳра қолади, унинг ортидан давлатнинг тегишли спорт ташкилотига катта миқдорда жарима тайинланади, мамлакатнинг халқаро обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатади.
Шу жиҳатдан, профессионал спортда допингга қарши курашиш фақатгина муайян ташкилотнинг вазифаси эмас, балки соҳада фаолият юритаётган барча тузилмалар ва мутахассисларнинг умумий масъулияти ҳисобланади.
Допингнинг олдини олиш, спортчилар ўртасида антидопинг маданиятини шакллантириш ва профилактик тадбирларни олиб бориш халқаро спорт майдонларидаги ғалабаларни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири саналади.
Миллий олимпия қўмитасида “Янгиланаётган Кодекс ва халқаро стандартлар: таълим, АДАМС ва терапевтик истисно” мавзусида ўтказилган халқаро вебинарда шу ҳақда сўз борди.
Вебинарда қатнашган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Содиқов, Миллий паралимпия қўмитаси бош котиби Фарух Аҳмедов, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг Осиё ва Океания минтақавий офиси директори Яя Ямамото спортчиларни допингдан ҳимоя қилиш энг устувор масалалардан бири эканлигини таъкидлашди.

Тадбирда спорт федерациялари ва ассоциациялари вакиллари, ҳудудлардан ташриф буюрган мураббийлар ва спорт шифокорлари бевосита, шунингдек, ҳудудларда фаолият юритаётган бошқа масъуллар онлайн тарзда иштирок этди.
Вебинарда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари, қитъанинг етакчи экспертлари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Хусусан, WАDАнинг Осиё ва Океания минтақавий офиси директори Я. Ямамото, Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилоти директори В. Абдулла, Туркия антидопинг ассоциацияси директори У. Кайикчи халқаро тажриба ва соҳадаги янгиланишлар юзасидан ўз тақдимотларини намойиш этди.

Маърузалар давомида 2027 йилдан кучга кирадиган янгиланган Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва халқаро стандартларда назарда тутилган ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, ADAMS тизимидаги янгиланишлар ва ундан самарали фойдаланиш, терапевтик истисноларни расмийлаштиришнинг янгиланган тартиблари, антидопинг таълими йўналишидаги ўзгариш ва қўшимчалар, спортчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда янги талабларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро экспертлар томонидан келтирилган маълумотлар ва амалий мисоллар иштирокчиларга янгиланган талабларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаш, уларни кундалик фаолиятда тўғри қўллаш имконини тақдим этади.
Т. Рўзиев, ЎзА