Ёшлар олимпиадасида бугун 9 та спорт турида баҳслар ўтказилади
Бугун, 10 ноябрь куни ёшлар ўртасидаги IV ёзги Олимпия ўйинларида 9 та спорт тури бўйича мусобақалар ташкил этилади. Ўзбекистонлик спортчилардан Шаҳзодбек Холмуродов ва Мунаввар Холтўраева енгил атлетика баҳсларида совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Снегал пойтахти Дакар шаҳрида ёшлар ўртасида давом этаётган IV ёзги Олимпия ўйинларининг кеча ўтказилган баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасининг 2 нафар аъзоси совриндорлар қаторидан жой эгаллади.
Мусобақанинг таэквондо баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Асадбек Самандаров -55 кг. вазнда барча рақибларини мағлубиятга учратиб, финалда Хитой Тайпейи вакили Ченг По Ю билан куч синашди.

Бир неча ой муқаддам, яъни жорий йилнинг апрель ойида пойтахтимиз Тошкентда ўтган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиши ортидан мураббийлар назарига тушган Асадбек Самандаров Ченг По Ю билан кечган тенг курашлар остидаги жангда ҳакамларнинг қарорига кўра, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва Олимпия ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритди.
“Дакар-2026” Олимпия ўйинларининг енгил атлетика мусобақаларида маҳоратли спортчимиз Паризода Талабова найза улоқтириш дастурида 54,68 метр натижа қайд этди ва иккинчи ўринни эгаллади.

Медаллар жамғаришда 13 та олтин, 7 та кумуш ва 3 та бронза медали билан Хитой спорт делегацияси етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон спортчилари 3 та кумуш ва 1 та бронза медали билан 200 га яқин давлат орасида 50-ўринни банд этиб турибди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА