Суперлига: стадионларга қанча мухлис ташриф буюрди?
Ўзбекистон Суперлигасининг навбатдаги турида стадионларга ташриф буюрган мухлислар сони бўйича қизиқарли кўрсаткичлар қайд этилди. Фарғонадаги «Истиқлол» стадиони бу борада энг юқори натижани кўрсатди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, «Нефтчи» — ОКМК учрашувини 12 минг 877 нафар мухлис бевосита стадиондан кузатган. Бу тақдим этилган маълумотлар орасида энг юқори кўрсаткичдир.
«Бухоро ФА» стадионида бўлиб ўтган «Бухоро» — «Насаф» баҳсига 7 минг 132 нафар томошабин ташриф буюрган. Намангандаги Ёшлар спорт мажмуасида ўтган «Қизилқум» — «Навбаҳор» учрашувини 5 минг 443 нафар мухлис кузатган.
Андижондаги «Бобур арена»да «Андижон» — «Локомотив» баҳсига 4 минг 10 нафар ишқибоз келган. «Пахтакор» стадионидаги «Пахтакор» — «Қўқон-1912» учрашувини 1 минг 936 нафар, «Зомин» стадионидаги «Сўғдиёна» — «Динамо» баҳсини эса 1 минг 11 нафар мухлис бевосита стадиондан томоша қилган.
Ғузор марказий стадионидаги «Машъал» — «Сурхон» учрашувини 642 нафар томошабин кузатган бўлса, «Локомотив» стадионида ўтган «Бунёдкор» — «Металлург» баҳсига бор-йўғи 259 нафар мухлис ташриф буюрган.

Шу тариқа, саккизта стадиондаги учрашувларни жами 33 минг 310 нафар мухлис бевосита майдондан кузатган. Ташриф кўрсаткичи бўйича Фарғонадаги «Истиқлол» стадиони пешқадам бўлган бўлса, «Локомотив» стадионида энг кам томошабин қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 27-турдан кейин Суперлига турнир жадвалида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси 26 та учрашувда жамғарган 61 очкоси билан пешқадамлик қилмоқда. «Пахтакор» 27 ўйиндан кейин 59 очко билан иккинчи, «Навбаҳор» эса 55 очко билан учинчи ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА