"Дакар-2026": Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар яна иккитага кўпайди
Сенегалда ўтаётган IV ёшлар ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирокини давом эттирмоқда. Навбатдаги совринлар енгил атлетика ва таэквондо WT баҳсларида қўлга киритилди.
Найза улоқтириш бўйича беллашувларда қатнашган Паризода Талабова 54,68 метр натижа билан иккинчи ўринни эгаллади. Шу тариқа, спортчимиз Олимпия ўйинларининг кумуш медалига сазовор бўлиш билан бирга, шахсий рекордини ҳам янгилади.
Таэквондо WT бўйича -55 килограмм вазн тоифасида беллашган Асадбек Самандаров ҳам мусобақани совриндорлар сафида якунлади. Турли босқичларда барча рақибларини мағлуб этиб, финалга йўл олган ҳамюртимиз ҳал қилувчи баҳсда Хитой Тайпейи вакили Ченг По Юга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан тақдирланди.
Шу тариқа, Дакардаги мусобақада Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони тўрттага етди. Ҳозирга қадар спортчиларимиз учта кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА