Ёшлар билан очиқ мулоқот – тараққиёт ва истиқболлар кафолати
“Навоий уран” давлат корхонасида ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Корхона бош директори Джамал Файзуллаев ёш мутахассислар билан учрашиб, уларнинг инновацион ғоялари, ишлаб чиқаришни такомиллаштиришга қаратилган таклифлари ҳамда меҳнат фаолияти давомида учраётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини тинглади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва ташаббускорлиги муҳим ўрин тутади. Айниқса, саноат тармоқларини модернизация қилиш, рақамли технологияларни жорий этиш ва юқори малакали кадрлар захирасини шакллантиришда ёш мутахассисларнинг фаол иштироки келажак тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади.

– Бугунги учрашувда “Ер остида эритмага ўтказиш жараёнида бурғиланган сўриб олувчи қудуқларда электр чўктирма насос агрегатларининг қисилиб қолишини олдини олиш технологияси” лойиҳасини тақдим этдим, – дейди корхонанинг Геотехнологик бўлими муҳандиси Озодбек Шукуров. – Бугунги кунда ер остида эритмага ўтказиш технологияси асосида уран қазиб олиш жараёнида айрим сўриб олувчи қудуқларда электр чўктирма насос агрегатларининг (ЭЧНА) қисилиб қолиши ёки қудуқнинг ишдан чиқиши ҳолатлари учраб турибди. Бу эса қўшимча таъмирлаш ишларини талаб қилиб, ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигига салбий таъсир кўрсатиши ва иқтисодий йўқотишларга олиб келиши мумкин. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида металл-полимер қувурлари (МПТ) ёки 159×4 мм ўлчамли зангламас пўлат қувурлардан фойдаланишни таклиф этмоқдаман.

Ушбу ечим “Навоийуран” давлат корхонасининг “Зафаробод” кон бошқармаси 2-сонли геотехнологик конидаги Жанубий Букинай, Шимолий Конимех ҳамда “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони “Зарафшон” геотехнологик конидаги Суграли, Жанубий Суграли ва Актау конларидаги ишчи сўриб олувчи қудуқларда қўлланилиши режалаштирилган.
Шунингдек, учрашувда бурғилаш ва технологик жараёнлардаги қудуқлар фаолиятини таҳлил қилиш, каротаж маълумотларини рақамлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Албатта, бугунги кунда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, харажатларни қисқартириш ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишнинг муҳим воситасига айланмоқда. Учрашувда корхона раҳбари ҳар бир амалий ва истиқболли ташаббус қўллаб-қувватланишини таъкидлаб, ишлаб чиқаришга инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш, амалий аҳамиятга эга янги лойиҳалар сонини кўпайтириш муҳим вазифа эканини қайд этди.

Учрашув сўнггида Ёшлар иттифоқи Кенгаши раисига корхонада фаолият юритаётган ташаббускор ёшларни тўлиқ қамраб олиш, уларнинг таклифларини мунтазам ўрганиб бориш ва ёшлар билан доимий ҳамда самарали мулоқот тизимини йўлга қўйиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири