Қурилишлар – қудратимиз тимсоли
Қурилишлар давлатнинг иқтисодий қудрати, халқнинг фаровонлигини намоён этади. Ҳар қандай давлат аввало халқнинг хавфсизлиги, энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини таъминлагандан кейингина қурилишларга маблағ йўналтиради, фаровонликни оширишга эътибор қаратади. Бугун мамлакатимизда ҳам иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши таъминланиб, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, замонавий ва ҳар томонлама қулай шароитда яшаши, меҳнат қилиши, дам олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари ҳам Янги Ўзбекистондаги бунёдкорликликнинг ёрқин намунасидир.

– Жорий йилда вилоятимиздаги қарийб 1,5 мингта объект учун республика бюджети ҳисобидан 6,9 триллион сўм маблағ ажратилди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Наврўз Раҳмонов. – Тарихда вилоятимизга бунчалик катта маблағ ажратилмаган. Бу маблағлар ҳисобидан ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаларини қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Бугунги кунга қадар объектларнинг барчасида қурилиш-монтаж ишлари бошланиб, 4,1 триллион сўм маблағ ўзлаштирилди, 4,5 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди ва 225 та объект фойдаланишга топширилди.

Биргина ижтимоий соҳада 139 та мактаб, 66 та мактабгача таълим ташкилоти, 127 та тиббиёт муассасаси ҳамда 5 та олий таълим муассасасида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилаётгани юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси ва халқимиз саломатлигига жуда катта эътибор кўрсатилаётганининг ифодасидир. Янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган мактаблар ҳисобидан бу йил 65,5 мингта қўшимча ўқув ўрни ташкил этилади. Бу эса 83 та мактабда навбатлилик коэффициентини 2 дан 1,1 гача тушириш имконини беради ҳамда шу билан вилоятда 2 коэффициентдан юқори юкламага эга мактаблар қолмайди. Шунингдек, 10 та маҳаллада илк бор давлат мактабгача таълим муассасалари барпо этилиб, болажонлар учун яна 8840 та ўрин яратилади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда бу йил туман ва шаҳарларда 174 та сув иншооти, 1435 километр тармоқ қурилмоқда. Ҳозирга қадар 69 та сув иншооти ҳамда 793,1 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари барпо этилди. Йил якунига қадар 57 маҳаллада истиқомат қилувчи 82 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув тармоғига уланади ва натижада 57 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.
Йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида йилнинг етти ойида 872,7 километр автомобиль йўли таъмирланиб, реконструкция қилинди. Иккита янги кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди. М-39 автомобиль йўлида янги тоннель қурилиши туфайли суткасига 65–70 минг транспорт воситасининг ҳаракат вақти сезиларли қисқаради ва ўртача ҳаракат тезлиги ошади. Шунингдек, 4Р-48 автомобиль йўлини реконструкция қилиш орқали бир нечта туманлар ўртасидаги масофа 14 километрга қисқаради. Транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун Нарпай, Оқдарё ва Иштихон туманларида 4 та ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойлари қурилмоқда. Ургут туманида 5 та кўприкда реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятдаги “оғир тоифа”даги маҳаллаларда аҳоли учун қулай шароит яратиш, мазкур ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 35,6 километр умумфойдаланишдаги, 79,2 километр ички йўллар, 8 километр газ тармоқлари таъмирланмоқда. 270 километр электр кабеллари, 115 километр ичимлик сув тармоғи тортилмоқда. Шунингдек, 6,9 километр пиёдалар йўлаклари, 5 та кўприк, 14 та сув иншооти қурилишига киришилган, 57 та трансформатор пункти ўрнатилади.

Вилоят қурилиш соҳасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Абу-Даби тараққиёт жамғармасининг 240 миллион АҚШ доллари кредит маблағлари ҳисобидан Самарқанд шаҳрида 96 та объектда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Жаҳон банки иштирокида Каттақўрғон шаҳрида ичимлик ва оқова сув тизимлари тўлиқ янгиланмоқда. Бунинг учун 66 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилган. Лойиҳалар якунлангач, шаҳарда ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 71 фоиздан 91 фоизга, марказлашган оқова тизими билан қамров эса 30 фоиздан 72 фоизга ошади.
Бугун юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани сингари Самарқандда ҳам уй-жой қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Ҳозирда вилоятда 52 минг хонадонли 872 та кўп қаватли уй-жойларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда 12 минг хонадонли 200 та уй-жойни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шу пайтгача бу объектларда қурилиш ишлари 75 фоизга бажарилган. “Янги Ўзбекистон” массивлари сони тўрттадан олтитага етказилиб, уларнинг умумий майдони 1176 гектарни ташкил этмоқда.

Самарқанд шаҳрининг темирйўл орти ҳудудида 300 гектар майдонда амалга оширилаётган реновация лойиҳаси ҳам вилоятдаги энг йирик бунёдкорлик ишларидан бири ҳисобланади. Бу ерда келгусида 100 минг аҳоли яшаши мумкин бўлган замонавий турар жойлар ва ижтимоий объектлар барпо этилади.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири