Ўзбекистон ташқи савдосида Хитой ва Россия етакчилик қилмоқда
Маълумки, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон жаҳоннинг 195 та мамлакати билан ташқи савдо алоқаларини амалга оширди. Хитой ва Россия энг йирик ҳамкорлар сифатида етакчилик қилган бўлса, Марказий Осиё, Европа ва Яқин Шарқ давлатлари билан савдо алоқалари ҳам изчил кенгаймоқда. Рақамлар мамлакат ташқи савдосида географик диверсификация жараёни кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон иқтисодиётининг ташқи дунё билан интеграцияси тобора чуқурлашиб бормоқда. Буни мамлакатнинг ташқи савдо алоқалари географияси ва савдо ҳамкорлари билан айланма ҳажмидаги ўзгаришлар ҳам кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон жаҳоннинг 195 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширган. Давлатлар кесимидаги кўрсаткичлар мамлакат ташқи савдосида Осиё давлатлари, хусусан, Хитой, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчи ўринни сақлаб қолаётганини кўрсатмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори Хитой бўлган. У билан ташқи савдо айланмаси 9,5 миллиард долларга етган. Иккинчи ўринда Россия Федерацияси — 7,0 миллиард доллар. Демак, икки давлат билан ташқи савдо айланмасининг умумий қиймати 16,5 миллиард долларни ташкил этган.
Бу рақамлар Хитой ва Россиянинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги салмоғи жуда юқори эканини кўрсатади. Шу билан бирга, бу икки мамлакат билан иқтисодий алоқаларнинг хусусияти ҳам турлича: савдо муносабатлари товар айирбошлашдан ташқари инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт-логистика ва технологик ҳамкорлик билан уйғунлашиб бормоқда. Қизиғи, 2025 йилнинг биринчи ярмида ҳам Хитой ва Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари бўлган. Ўша даврда Хитой билан ташқи савдо айланмаси 6,56 миллиард, Россия билан 6,03 миллиард долларни ташкил этган. Шундан келиб чиқиб, 2026 йилда икки йирик ҳамкор билан савдо ҳажми янада ошганини кўриш мумкин.
Ташқи савдода иккинчи муҳим тенденция Марказий Осиё мамлакатларининг салмоғидир. 2026 йил январь–июнь ойларида Қозоғистон билан ташқи савдо айланмаси 2,8 миллиард долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич Қозоғистонни Ўзбекистоннинг Хитой ва Россиядан кейинги учинчи йирик савдо ҳамкорига айлантирган. Қирғиз Республикаси билан савдо айланмаси эса 624,6 миллион долларни ташкил этган.
Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси билан бир қаторда, минтақадаги бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий интеграция жараёнларида фаол иштирок этаётганини англатади. Бунда транспорт йўлакларини ривожлантириш, чегараолди савдоси, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Ташқи савдо ҳамкорлари орасида Туркия — 1,4 миллиард доллар, Афғонистон — 1,1 миллиард доллар билан кейинги ўринларни эгаллаган. Туркия билан савдо ҳажми мамлакатнинг нафақат Европа ва Осиё бозорлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, балки инвестициявий ва саноат кооперациясини ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Афғонистон эса Ўзбекистон учун Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятлари нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу йўналишда транспорт-логистика инфратузилмасининг ривожланиши ташқи савдо ҳажмини оширишнинг муҳим омилларидан бири бўлиши мумкин.
Европа ва Осиё бозорлари: янги имкониятлар ТОП-10 таркибида Корея Республикаси, Франция, БАА ва Германия каби давлатларнинг мавжудлиги Ўзбекистон ташқи савдосининг географияси фақат қўшни давлатлар ёки анъанавий ҳамкорлар билан чекланмаётганини кўрсатади. Жумладан, Корея Республикаси 940,0 млн доллар, Франция 890,9 млн доллар,
БАА 807,7 млн доллар, Германия 623,2 млн долларни ташкил этган. Бу мамлакатлар билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун инвестиция, технология, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт бозорларини диверсификация қилиш нуқтаи назаридан муҳим.
Айниқса, ташқи савдо таркибида юқори технологик ва тайёр маҳсулотлар улушини ошириш мамлакатнинг глобал қиймат занжирларидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. 2025 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 37 миллиард долларни ташкил этган ва бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 5,1 миллиард доллар ёки 16,1 фоизга кўп бўлган. Экспорт 16,9 миллиард, импорт эса 20,1 миллиард долларга етган. 2025 йилнинг биринчи ярмида ташқи савдо айланмасида Хитойнинг улуши 17,7 фоиз, Россиянинг улуши 16,3 фоиз, Қозоғистонники 6 фоиз, Туркияники 3,6 фоиз, Корея Республикасиники эса 2,3 фоиз бўлган.
Бу рақамлар Ўзбекистон ташқи савдосида энг йирик ҳамкорлар мавқеи барқарор эканини кўрсатади. Шу билан бирга, савдо географиясининг кенгайиши мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш учун имкониятлар ортиб бораётганидан далолат беради. Ташқи савдо айланмасининг ўсиши, албатта, ижобий кўрсаткич. Аммо иқтисодий самара нуқтаи назаридан савдо ҳажмининг ўзи эмас, унинг таркиби ҳам муҳим.
Экспортда хомашё ва нисбатан паст қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини камайтириб, тайёр ва юқори технологик маҳсулотлар экспортини кўпайтириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йил январь–июнь ойларида экспорт таркибида хизматлар 4,06 миллиард долларни ташкил этган ва экспортнинг 24 фоизига тўғри келган. Шунингдек, номонетар олтин экспорти 6,49 миллиард доллар бўлган. Демак, келгуси даврда ташқи савдо сиёсати учун бир нечта йўналиш алоҳида аҳамият касб этади. Экспорт географиясини янада кенгайтириш, тайёр ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, хизматлар экспортини ривожлантириш, транспорт ва логистика харажатларини камайтириш,
янги бозорларга чиқишда миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш,
Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш зарур.
Мазкур даврда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги ТОП-10 давлатлар, Хитой 9,5 млрд АҚШ доллари, Россия Федерацияси 7,0 млрд АҚШ доллари, Қозоғистон 2,8 млрд АҚШ доллари, Туркия 1,4 млрд АҚШ доллари, Афғонистон 1,1 млрд АҚШ доллари, Корея Республикаси — 940,0 млн АҚШ доллари, Франция 890,9 млн АҚШ доллари, БАА 807,7 млн АҚШ доллари, Қирғиз Республикаси 624,6 млн АҚШ доллари, Германия 623,2 млн АҚШ долларини ташкил этган.
Хулоса ўрнида айтганда, 2026 йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичлар Ўзбекистон ташқи савдосида кўп векторли ҳамкорлик модели шаклланаётганини кўрсатмоқда. Хитой ва Россия етакчилик қилмоқда, Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқалари мустаҳкамланмоқда, Туркия, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик эса янги имкониятларни очмоқда. Энг муҳим жиҳат шундаки, ташқи савдо географиясининг кенгайиши Ўзбекистон учун янги бозорларга чиқиш имкониятини оширади. Энди асосий мақсад — ушбу имкониятларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар экспорти, технологик кооперация ва инвестицияларни кўпайтириш билан уйғунлаштиришдир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА