Ёш спортчилар ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди
Сирдарё вилоятида ёшлар ва кичик ўсмирлар ўртасида қўл жанги бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган ёш спортчилар ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 1200 нафарга яқин ёшлар иштирок этишди. Турли вазн тоифаларида кечган баҳсларда спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги ва иродаси намоён бўлди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари, полковник Сарвар Мамаюсупов ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиевлар иштирок этишди. Улар ёш спортчиларни мусобақада фаол қатнашишга чақиришиб, беллашувларда омад тилашди.
[gallery-31587]
Кун давомида рингдаги баҳслар қизғин кечди. Иштирокчилар ғалаба учун куч ва маҳорат билан курашиб, ўз жамоаларининг умумий натижасига муносиб ҳисса қўшди.
Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Давлат хавфсизлик хизмати жамоаси биринчи, Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси иккинчи, Миллий гвардия жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан медаллар, диплом, ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА