Осиё ўйинларининг дзюдо мусобақаларида қанча давлат вакиллари қатнашади?
Шу кунларда Япониянинг Аичи-Нагоя ҳудудида қитъа спортчилари учун тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси саналган ХХ ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда.
“Кичик олимпиада” мақомидаги мазкур нуфузли мусобақада иштирок этишга ҳозирланаётган юртимиз дзюдочилари шу кунларда Нагояда сўнгги машғулотларни ўтказмоқда.
Осиё ўйинларининг дзюдо мусобақаларида 32 давлатнинг 203 нафар спортчиси, шундан 115 нафар эркак, 88 нафар хотин-қиз дзюдочи умумий ҳисобда 14 та вазн тоифасида медаллар баҳс олиб бориши кутилмоқда.
Осиё ўйинларининг дзюдо беллашувлари 30 сентябрь - 3 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Аввалига уч кун мобайнида яккалик, тўртинчи куни эса аралаш жамоавий мусобақалар ташкил этилади.
Куни кеча нуфузли мусобақа олдидан Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов мураббийлар штаби аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Унда спортчиларнинг саломатлиги, жисмоний тайёргарлиги ва тикланиш жараёни, машғулотлар режаси, жамоанинг руҳий ҳолати атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳар бир дзюдочининг оптимал ҳолатини сақлаб қолиш ва мусобақага юқори спорт формасида кириб бориш жуда муҳим эканлиги, кичик деталларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Таҳлиллар ва суҳбатлар якунида мураббийлар штаби аъзоларига, Осиё ўйинлари тизимида қатнашадиган ҳар бир дзюдо мутахассисига зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йили Хитойда ўтган XIX ёзги Осиё ўйинларида мамлакатимиз дзюдочилари 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритганди.
Т. Рўзиев, ЎзА