Ўзбекистон — Эрон: таркиб қийматида 53 миллион евролик фарқ
Трансфермаркт маълумотларига таянсак, 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун шакллантирилган таркиблар қийматида Ўзбекистон Эронни сезиларли даражада ортда қолдирган. Ўзбекистон терма жамоасининг умумий бозор қиймати 85,33 миллион евро, Эронники эса 32,05 миллион евро атрофида баҳоланган. Яъни Ўзбекистон таркиби қарийб 53,3 миллион еврога қимматроқ.
Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчиси — “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов. Трансфермарктнинг ёзги янгиланишидан сўнг унинг бозор қиймати 50 миллион еврога етган. Бу кўрсаткич билан Ҳусанов Ўзбекистон футболи тарихидаги энг қиммат футболчи бўлиб турибди.
Эрон терма жамоасининг энг қиммат футболчиси эса Меҳди Ғаеди бўлиб, унинг қиймати 4,5 миллион евро деб баҳоланган. Эроннинг бутун таркиби 32,05 миллион еврога тенг бўлгани ҳолда, Ҳусановнинг бир ўзи ундан қарийб 18 миллион еврога қимматроқ.
Эслатиб ўтамиз, бугун Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида Ўзбекистон - Эрон ўртасида халқаро ўртоқлик ўйини бўлиб ўтади.
Ўзбек ва жаҳон спортига оид энг сўнгги янгиликлар: @Uzasport