Ёш шахматчиларимиз Испанияда жаҳон чемпионатида қатнашмоқда
Испанияда шахмат бўйича 7, 9, 11, 13, 15 ва 17 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ёш “ақл гимнастикаси" соҳиблари муносиб ўйин намойиш этмоқда.
Ўрта ер денгизи ҳудудида жойлашган Рокетас-де-Мар шаҳрида ўтаётган жаҳон чемпионати баҳсларида 82 та давлатнинг 721 нафар ёш шахматчиси қатнашмоқда.
Дунё биринчилигининг ортда қолган 4-тур ўйинларидан кейин Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Фазлиддин Фарҳодов 3,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 4-ўринни эгаллаб турибди.

Мусобақанинг 9 ёшгача бўлганлар баҳсида Акбар Мустафақулов 4 очко билан пешқадамликни давом эттираётган вазиятда, 13 ёшлилар орасида ҳамюртимиз Иброҳим Жуманазаров 3 очко билан кучли ўнликни банд этиб турибди.

Жаҳон чемпионатининг қизлар мусобақасида Малика Икромова 7 очко жамғариб, 6-қаторда, 9 ёшгача бўлганлар ўртасида Ҳуснорахон Хусниддинова 3 очко билан, 13 ёшгача бўлганлар орасида Лазизабону Комилжонова 3,5 очко билан 2-ўринларда ҳаракатланмоқда.

Бугун, 16 октябрь куни жаҳон чемпионатининг 5 ва 6-тур ўйинлари ташкил этилади. Эртага иштирокчилар учун дам олиш куни сифатида белгиланган.
11 та турдан иборат жаҳон чемпионати мусобақалари 21 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА