Катта синовлар куни: Синдаровнинг иккинчи партияси, «Насаф» беллашуви ва пойтахтдаги бокс байрами
Ўзбекистон спортидаги сўнгги янгиликлар — таэквондо, теннис, шахмат, футбол ва халқаро мусобақалардан хабарлар.
Таэквондо WT: 28–29 ноябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида таэквондо WT бўйича «World Taekwondo Grand Prix Final» мусобақаси ўтказилади. Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинлари учун муҳим рейтинг очколари тақдим этадиган турнирда Ўзбекистон терма жамоаси сафидан Нажмиддин Қосимхўжаев (-68 кг), Жасурбек Жайсунов (-80 кг), Марат Мавлонов (+80 кг), Мадина Мирабзалова (-57 кг), Озода Собиржонова (-67 кг) ва Светлана Саидова (+67 кг) жой олди
***
Теннис: Туркиянинг Анқара шаҳрида теннис бўйича “ATP Challenger” турнирида ҳамюртимиз Никита Белозерцев асосий тўрнинг илк босқичида британиялик Оливер Оконквони 4:6, 7:6, 6:4 ҳисобида мағлуб этди. Энди17 ёшли теннисчимиз нимчорак финалда франциялик Томас Фаурель билан рақобатлашади.
***
Шахмат: Шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров билан жаҳон чемпионлиги учун кеча ўтказилган биринчи партия ҳақида фикр билдирди. «Партия ҳақиқатан ҳам юқори савияда бўлди. Вазият мунтазам равишда тенг кўринди. Иккимиз ҳам ажойиб партия ўтказдик», — деди Гукеш. Дастлабки баҳс дуранг билан якунланган ва умумий ҳисоб 0,5:0,5 кўринишини олган.
Маълмуот учун, бугун, 25 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида жаҳон чемпионлиги учун учрашувнинг иккинчи партияси ўтказилади. Унда Жавоҳир Синдаров қора доналарда, Гукеш Доммаражу эса оқ доналарда ўйнайди. Партия Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
***
Футбол: Қаршининг «Насаф» жамоаси Осиё чемпионлар лигаси 2 мусобақаси гуруҳ босқичининг бешинчи турида Баҳрайннинг «Ал-Холидия» клубига қарши майдонга тушади. Учрашув Қаршидаги «Марказий» стадионида соат 18:45 да бошланади.
***
Оммавий спорт: Тошкентда «Мактaб лигаси»нинг шаҳар босқичи якунланди. «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида стол тенниси бўйича ўтказилган мусобақанинг қизлар баҳсида Миробод тумани биринчи, Сергели иккинчи, Яшнобод учинчи ўринни эгаллади. Ўғил болалар ўртасида эса Мирзо Улуғбек тумани ғолиб бўлди. Яшнобод ва Учтепа туманлари жамоалари кейинги ўринларни банд этди.
***
Футбол: аёллар футболи бўйича терма жамоамиз бош мураббийи Котрина Кулбите FIFA расмий сайтига берган интервьюсида жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги мақсадлар, футболчиларнинг руҳий тайёргарлиги ва Бразилия билан боғлиқ хотиралари ҳақида сўзлади. Шунингдек, мутахассис Ўзбекистонда аёллар футболини ривожлантириш истиқболларига тўхталди.
***
«Беш ташаббус олимпиадаси»: 25–29 ноябрь кунлари Урганч давлат университетида ўтказиладиган республика босқичи иштирокчиларини кутиб олиш ишлари давом этмоқда. Урганч темир йўл вокзалида Сирдарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри жамоалари тантанали кутиб олинди. Ёш спортчилар университет талабалар турар жойларига жойлаштирилиб, улар учун зарур шароитлар яратилмоқда.
***
Бокс: 26 ноябрь — 4 декабрь кунлари пойтахтимизда ўтказиладиган “World Boxing” Жаҳон кубогининг финал босқичида Россия терма жамоаси эркаклар ва аёллар ўртасидаги баҳсларда қатнашади. Таркибдан Сергей Сергеев, Володя Мнацаканян, Юлия Чумгалакова ва Салтанат Меденова каби тажрибали боксчилар ўрин олган. Мусобақада Қозоғистон терма жамоаси 11 нафар спортчи билан иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА