Ўзбекистон шахмат федерацияси вакиллари FIDEнинг кенгайтирилган йиғилишида қатнашди
Женевада 2026 йилги шахмат тожи ва унвони учун ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ҳамда амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўртасида ўтаётган мусобақа доирасида FIDE Кенгашининг илк йиғилиши ўтказилди.
Самарқанддаги сайловлардан кейинги FIDE Кенгашининг мазкур йиғилишида Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоров бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек, шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Рустам Қосимжонов Халқаро шахмат федерациясининг фахрий президенти сифатида иштирок этди.
FIDEнинг келгуси йиллардаги молиявий стратегияси ва еттита асосий йўналиши муҳокама қилинган йиғилишда FIDEнинг жорий йилги ва келгуси икки йиллик бюджети, ташкилотнинг ривожлантириш жамғармасининг йиллик маблағлари масалалари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар жараёнида янги медиа жамғарма ва ижтимоий жамғармаларни ривожлантириш ташаббуслари илгари сурилди. Бутун дунё бўйлаб шахматчилар ва шахмат ҳамжамиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги жамғарма ишга туширилиши айтиб ўтилди.
Умуман олганда, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш дастурларини молиялаштириш ҳажми келгуси йилда деярли олти баробарга ўсиши кутилаётганлиги таъкидланди.
FIDE раҳбарияти сайловолди кампаниясида берилган молиявий мажбуриятларни тўлиқ бажариши ҳамда кенгаш аъзолари томонидан билдирилган таклифлар инобатга олиниши лозимлиги қайд этилди.
Т. Рўзиев, ЎзА