“Ёш гвардиячилар” ҳарбий-спорт мусобақаси ғолиблари кутиб олинди
Яқинда Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби”да “Ёш гвардиячилар” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтган эди.
Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган анъанавий ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасида иштирокчилар 10 та шарт бўйича ўзаро беллашиб, ҳарбий-спорт синовлари орқали ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги, тезкор фикрлаши ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди. Беллашувлар саф тайёргарлиги, эстафета, ҳарбий кўникмалар, спорт машқлари ҳамда интеллектуал баҳсларни ўз ичига олди.

Қорақалпоғистон Республикасидан иштирок этган Тўрткўл тумани 18-сонли умумтаълим мактабининг “Темурбек авлодлари” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Нукус темир йўл вокзалида ҳарбий-спорт мусобақаси ғолиблари тантанали кутиб олинди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Нуразизов жамоа аъзоларини эришган юқори натижаси билан муборакбод этди.

Таъкидлаш жоизки, ёшларда Ватанга садоқат, жамоавий ҳамжиҳатлик ва жисмоний чиниқиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ушбу мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 14 та жамоа иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.