Пара енгил атлетикачиларимиз Ноттвил Гран-присини 19 та медаль билан якунлади
Швейцариянинг Ноттвил шаҳрида пара енгил атлетика бўйича халқаро Гран-при мусобақаси якунига етди. Уч кун давом этган баҳсларда дунёнинг 58 мамлакатидан 450 нафар спортчи иштирок этди.
Қувонарлиси, мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этди. Беллашувларнинг сўнгги кунида вакилларимиз 2 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Жумладан, Бобур Омонов F41 классида ядро улоқтириш дастурида ғолибликни қўлга киритган бўлса, Қудратуллохон Маъруфхўжаев F37 классида барча рақибларидан устун келди. Анора Сўфиева T47 классида узунликка сакраш баҳсларида кумуш медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, Ёқутхон Холбекова T12 классида найза улоқтириш, Баротжон Бахтиёров эса T36 классида ядро улоқтириш дастурида бронза медалини қўлга киритди.
Шу тариқа, юртдошларимиз Ноттвил Гран-присини 6 та олтин, 3 та кумуш ва 10 та бронза, жами 19 та медаль билан якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА