Ёш дзюдочиларимиз Европа кубогида қатнашади
Бугун, 1 октябрь куни дзюдо бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Европа кубогида қатнашиш учун Черногорияга йўл олади.
Жорий йил 3-4 октябрь кунлари Черногориянинг Подгорица шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Европа кубоги мусобақалари бўлиб ўтади.
Куни кеча Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари Европа сафарига отланган ёш дзюдочиларимиз ҳамда уларнинг мураббийлари билан учрашув ўтказди.

Мулоқот жараёнида дунёнинг 25 та давлатидан 300 нафарга яқин дзюдочилар қатнашадиган мазкур мусобақада муносиб иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди. Ҳар бир ёш спортчининг руҳий ҳолати, жисмоний тайёргарлиги, саломатлиги каби жиҳатлар таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, Европа кубоги ҳамда мусобақалар якунлангандан кейин қатнашчи давлатлар иштирокида ўтказиладиган халқаро ўқув-машғулот йиғини ноябрь ойида пойтахтимиз мезбонлигида ташкил этиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.
Т.Рўзиев,
ЎзА