“Навбаҳор” мавқеини мустаҳкамламоқда
Футбол бўйича мамлакат миллий чемпионатининг Суперлигаси тобора ҳаяжонли ва ҳал қилувчи палласига кириб бормоқда. Ҳар бир турда қайд этилган кутилмаган натижалар мусобақага бўлган қизиқишни янада ошираётгани бор гап.
Совринли ўринлар учун курашаётган “Навбаҳор” жамоаси 25-турнинг якунловчи учрашувида сафарда маҳаллий “Хоразм” клубига қарши куч синашди.
Ўйин кутилмаганда тезкор гол билан бошланди. Мезбонлар вакили Аброр Ҳусинов "Лочинлар" ҳужумини қайтариш чоғида ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. 35-дақиқада терма жамоамиз аъзоси Ҳусайн Норчаев гол уриб, ҳисобни янада оширди.
"Элита"дан тушиш хавфида турган воҳаликлар иккинчи таймда ўйин суръатини ўзгартиришга уринди. Натижада легионер Рафаэл Тавареш мувозанатни қисқартирди. 1:2. Ушбу ҳисоб баҳс якунигача ўзгармади. Дарвоқе, ушбу турда энг кўп хавфли зарбаларни берган айнан “Навбаҳор” бўлганлиги диққатга молик.

Шу тариқа, "Навбаҳор" очколар сонини 49 тага етказиб, учинчи ўриндаги мавқеини мустаҳкамлади ҳамда ўз майдонида пешқадам ва амалдаги чемпион “Нефтчи” клубига ютқазган иккинчи ўриндаги “Пахтакор” жамоаси (53) билан фарқни қисқартирди.
Темур Кападзе шогирдлари навбатдаги турни 31 октябрь куни ўз майдонида “Андижон” жамоасини қабул қилишади.

Дарвоқе, мамлакат кубогининг ярим финал учрашувлари манзили ва санасига аниқлик киритилди. Профессинал футбол лигасининг хабарига кўра, ярим финал ўйинлари 2026 йил 24 ноябрь кунига белгиланди. Унда "Локомотив" ва "Андижон" ўртасидаги учрашувга Олмалиқ шаҳри мезбонлик қилса, "Навбаҳор" ва "ОКМК" учрашуви Тошкентдаги "Локомотив" стадионида ўтказилади.
Финал учрашуви Суперлиганинг 30-туридан сўнг ўтказилади. Агарда ярим финалда водий жамоаларининг қўли баланд келса, кубокнинг ҳал қилувчи учрашуви Фарғона шаҳридаги "Истиқлол" стадионида бўлиб ўтади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири