Кучли полвонлар Нукусда аниқланди
26-29 октябрь кунлари Нукус шаҳрида белбоғли кураш бўйича ёшлар ўртасида (U18) Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ёш полвонлар ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Мусобақанинг дастлабки икки кунида ўғил болалар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишларида куч синашган бўлса, сўнгги куни қизлар ўртасида эркин йўналишдаги беллашувлар ўтказилди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида мезбон — Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Наманган вилояти терма жамоасига насиб этган бўлса, Навоий вилояти жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири