Яширин цех фаолиятига чек қўйилди
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида пахтадан чигит ажратиш билан шуғулланган яширин цех фош этилди. У махсус лицензия ва рухсатномаларга эга бўлмаган ҳолда ишлаб тургани аниқланиб, ускуна фаолияти тўхтатилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Анорзор” маҳалласида яшовчи фуқаро уйининг ёрдамчи хўжалигида чиғириқ ускунасини ўрнатиб, ноқонуний равишда иш олиб боргани маълум бўлди.


Тадбир давомида тегишли далил ашёлар расмийлаштирилиб, материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун судгача текширув органларига юборилди. Мутасаддиларнинг қайд этишича, бундай қонунбузарликлар нафақат иқтисодиётга зарар етказади, балки меҳнат хавфсизлиги ва санитария талаблари инобатга олинмагани сабабли одамлар саломатлигига ҳам хавф туғдириши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири