«Ҳаж–2027»: ҳожилар розилиги йўлидаги ҳамкорлик ва масъулият
Саудия Арабистонида ўтказилаётган Ҳаж хизматлари халқаро кўргазмаси ва конференцияси доирасида Ўзбекистон делегацияси қатор муҳим учрашув ва музокараларда иштирок этмоқда. Асосий мақсад — «Ҳаж–2027» мавсумини юқори савияда ташкил этиш, юртдошларимиз учун муносиб шароитлар яратиш ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш.
Муқаддас Ҳаж сафари ҳар бир мусулмон қалбидаги энг эзгу орзулардан бири. Бу муборак сафарнинг ҳар бир босқичи пухта тайёргарлик, юксак масъулият ва алоҳида эътиборни талаб этади. Зеро, зиёратчиларнинг хотиржамлиги, ибодатларини тўлақонли адо этиши ва Ватанга соғ-саломат қайтиши, аввало, сафарнинг қай даражада пухта ташкил этилганига боғлиқ.
Ана шу эзгу мақсад йўлида 7–11 ноябрь кунлари Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган Ҳаж хизматлари халқаро кўргазмаси ва конференциясида иштирок этмоқда. Ташриф доирасида «Ҳаж–2027» мавсумига тайёргарлик кўриш, хизматлар сифатини ошириш ва Саудия Арабистонининг масъул идоралари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган музокаралар ўтказилмоқда.

Делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими Орифхон Закиров, «Ҳаж» ва «Умра» масалалари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда соҳа мутахассислари ўрин олган.
Анжуманнинг муҳим жиҳати шундаки, унда Ҳаж хизматларини ташкил этишда замонавий ёндашувлар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект имкониятлари ва инновацион лойиҳалар тақдим этилмоқда. Бундай ечимлар зиёратчилар ҳаракатини самарали мувофиқлаштириш, хизматлар сифатини назорат қилиш ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида бўлғуси ҳожилар учун мўлжалланган меҳмонхоналар, транспорт ва овқатланиш хизматлари билан танишиш, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларидаги шароитларни ўрганиш, тиббий хизмат кўрсатиш тизими ҳамда Ҳаж жараёнларига масъул идоралар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, соҳа мутахассислари иштирокидаги ўқув-семинарларида қатнашиш ҳам ташриф дастуридан ўрин олган.
Стратегик ҳамкорлик ва самарали мулоқот
Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон делегацияси ва Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган учрашув бўлди.
Унда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Ўзбекистон делегацияси билан «Ҳаж–2027» мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида эришилаётган натижалар билан бир қаторда, зиёратчиларга муносиб хизмат кўрсатиш борасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ ар-Рабиа Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди. Хусусан, диний-маърифий соҳадаги ижобий ўзгаришлар, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, шунингдек, зиёратчилар учун яратилаётган қулайликлар алоҳида эътироф этилди.
Вазир Ўзбекистонга аввалги икки ташрифи давомида мамлакатимиздаги жадал тараққиёт ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлганини мамнуният билан таъкидлаб, юртимизга яна ташриф буюриш нияти борлигини билдирди.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова тайёрлади.