Конституциявий суд амалиётида электрон иш юритишдан кенг фойдаланилади
2026 йил 15 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонун кучга кирди.
Қонун билан жорий этилган энг муҳим янгиликлар, уларнинг амалда қандай натижа бериши ҳақида Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов билан суҳбатлашдик.
– Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари устуворлигига оид принциплар жамиятимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.

Таъкидлаш жоизки, конституциявий одил судлов соҳасини тубдан такомиллаштириш ва уни замонавий талабларга мослаштириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонун Конституциявий суд фаолиятини ташкил этиш билан бир қаторда, конституциявий суд ишларини юритиш тартибини аниқлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Янги қонунда Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби, ишларни кўриб чиқишнинг процессуал шакллари, рақамли технологиялардан фойдаланиш, суд муҳокамасининг очиқлиги, Конституциявий суд ҳужжатларининг юридик кучи ва уларни ижро этиш, шунингдек, суднинг институционал фаолиятига оид янги нормалар акс эттирилган.
– Суд ишларини юритишнинг процессуал асослари, шакллари қандай тартибда бўлади?
– Қонунда иш юритишнинг асосий принциплари белгиланди. Тарафлар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларнинг процессуал мақоми, тарафларнинг вакил ёки адвокат орқали иштирок этиши, иш материаллари билан танишиши, ёзма фикр-мулоҳазалар тақдим этиши ҳамда зарур шахсларни судга чақириш ҳақида илтимоснома киритиш ҳуқуқлари аниқ белгиланди.
Қонуннинг 28-моддасида электрон шаклда юритилган ишлар доирасида қабул қилинган ҳужжатлар ёзма шаклдаги ҳужжатлар билан тенг юридик кучга эга эканлиги мустаҳкамланди.
29-моддада эса электрон иш юритишнинг хусусиятлари белгиланиб, зарур маълумотларни электрон шаклда тақдим этиш ва олиш, суд мажлисида видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш имконияти назарда тутилди.
Махсус ахборот тизими орқали электрон мурожаат қилиш, уни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш, мобил илова орқали иштирок этиш ва суд мажлисларини тўғридан-тўғри эфирга узатиш имкониятлари ҳам белгиланди.
– Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишга тайёрлаш тартиби қандай тизимлаштирилди?
– Келиб тушган мурожаатларни ўрганиш бир неча процессуал босқичларга ажратилди. Мурожаат рўйхатга олиниб, дастлабки тарзда ўрганилади.
Бунда унинг Конституциявий суд ваколатига тааллуқлилиги, мурожаат қилувчининг ваколати ва қонунда белгиланган бошқа талабларга риоя этилгани текширилади.
Шикоятга суд қарорлари, зарур ҳужжатлар ва бошқа материалларни илова қилиш, шунингдек, судда ҳимояланишнинг мавжуд воситаларидан фойдаланилганини кўрсатиш талаб этилади.
Фуқаронинг илтимосига кўра, қонунчиликка мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади.
– Суд мажлисини ўтказишнинг техник ва процессуал жиҳатлари қандай амалга оширилади?
– Аудио ва видеоёзувлардан фойдаланиш, очиқ суд мажлисини видеоконференцалоқа воситасида ўтказиш, иштирокчиларнинг ваколатларини электрон шаклда тасдиқлаш, суд мажлиси баённомасини электрон тарзда шакллантириш ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш имкониятлари белгиланди. Конституциявий суд ташаббуси билан суд мажлисларини тўғридан-тўғри эфирга узатиш ҳам мумкин.
Айтиб ўтиш керакки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлиги, шунингдек, Конституция ва қонун нормаларини расмий шарҳлаш масалалари бўйича якуний тўхтам қарор шаклида қабул қилинади. Бошқа масалалар бўйича хулоса, процессуал масалалар юзасидан эса ажрим қабул қилинади.
Қарор ва хулосалар оммавий ахборот воситаларида, Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида ва бошқа расмий манбаларда қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида эълон қилиниши шарт.
– Суд ҳужжатларининг юридик кучи ва уларни ижро этиш механизми қанчалик кучайтирилди?
– Конституциявий суд ҳужжатлари қатъий ҳисобланади ва улар устидан шикоят қилиниши мумкин эмас. Агар бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми Конституцияга мувофиқ эмас деб топилса, унинг амал қилиши тугайди.
Уни қабул қилган давлат органи ушбу ҳужжатни уч ойдан кечиктирмасдан ёки Конституциявий суд белгилаган муддатда Конституцияга мувофиқлаштириши лозим. Шу ҳужжат асосида қабул қилинган давлат органи қарорлари бир ой ичида, суд ҳужжатлари эса қонунда белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.
Конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ҳар йиллик Ахборот тайёрлаш механизми жорий этилди. Конституциявий суд судлов амалиётини умумлаштириш асосида ушбу Ахборотни ҳар йили тайёрлайди. Бу йилнинг биринчи чорагида суд мажлисида кўриб чиқилади ҳамда Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
Ахборотдаги таклиф ва тавсияларнинг масъул давлат органлари томонидан кўриб чиқиш натижалари ҳам Конституциявий судда муҳокама қилиниши мумкин.
Судьяликка номзодлар захираси Судьялар олий кенгаши билан биргаликда шакллантирилади. Суд фаолияти давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва бюджетда алоҳида сатрда назарда тутилиши сақлаб қолинди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва давлатлараро шартномавий мажбуриятларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Асосий қонун ва қонун нормаларини расмий шарҳлаш, конституциявий қонунлар ҳамда ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни Президент томонидан имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини баҳолаш, шунингдек, референдумга чиқарилаётган масалалар юзасидан хулоса бериш каби ишларни кўришнинг ўзига хос тартиблари белгиланди.
– Қонуннинг қабул қилиниши қандай натижалар беради?
– Фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришиш, ўзларининг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятлари кенгайди.
Соҳадаги тартиб-таомиллар соддалаштирилгани ортиқча оворагарчиликларни бартараф этади. Аҳоли ва тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончи ортади. Энг муҳими, давлат органлари фаолиятида Асосий қонун устуворлиги тўлиқ таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди. Фақат қонуннинг 29-моддаси, 58-моддаси иккинчи қисми ва 59-моддаси эса 2028 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди.