Мурожаатлар камайди, аммо...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг 9 ойида самарқандлик 39 минг 678 нафар фуқародан 62 минг 703 та мурожаат тушган. Ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда мурожаатлар 6 фоизга камайган.
Бундан ўн йил аввал ташкил этилган мазкур Президентнинг халқ билан мулоқот тизими ўтган давр мобайнида давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги яқинликни таъминлаб, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқларининг амалда кафолатлади. Одамларни йиллар давомида қийнаб келган масалаларга ечим топилди, кўплаб муаммолар ҳал этилди. Аммо мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнлари, босиб ўтилган йўл ва замонавий ахборот технологияларининг ривожланиши тизим фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони шу эҳтиёждан келиб чиқиб, аҳоли билан давлат органлари ўртасида очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини сўзсиз амалга ошириш орқали уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида қабул қилинди.
– Мазкур фармон Халқ қабулхоналари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Хуршид Очилов. – Энг муҳим ўзгариш – Халқ қабулхоналарининг ягона вертикал тизими жорий этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари тегишли Халқ қабулхоналарига жамоатчилик асосида раҳбарлик қиладиган бўлди. Виртуал қабулхона ахборот тизимига келиб тушган мурожаатларни “шошилинч”, “одатий” ва “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларига ажратилиши белгиланди. Кўриб чиқилиши белгиланган муддатдан ўтиб кетган мурожаатлар ижро учун автоматик равишда юқори турувчи давлат органига ўтказилиши йўлга қўйилди. Назоратга қайтарилган мурожаатлар эса юқори турувчи органлар томонидан 3 иш куни ичида қайта ўрганиб чиқилади. Эндиликда ҳар олти ойда давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги рейтинги эълон қилиб борилади. Халқ қабулхоналари томонидан киритилган талабнома ва кўрсатмалар бажарилмаган тақдирда, тегишли материаллар чора кўриш учун прокуратура органларига юборилади.

Ҳужжат билан Халқ қабулхоналарининг нафақат ташкилий тузилмаси, балки аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ҳам ўзгарди. Йилнинг учинчи чораги якунлари бўйича таҳлиллар вилоятдан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайганини кўрсатса-да, айрим туман (шаҳар) ва соҳалардаги раҳбарларнинг ушбу йўналишдаги ишларга етарли эътибор қаратмагани оқибатида мурожаатлар сони ошган. Масалан, Ургут туманида мурожаатлар 6 фоизга (318 тага), Самарқанд шаҳрида 3 фоизга (332 тага), Каттақўрғон туманида 2 фоизга (81 тага), Нарпай туманида 1 фоизга (22 тага) кўпайган. Шунингдек, вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси, газ ва электр таъминоти корхоналари, соғлиқни сақлаш бошқармаси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, солиқ бошқармаси, мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига ҳам мурожаатлар сони ошган.
Вилоят аҳолисидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига тушган мурожаатларда энг кўп кўтарилган 102 та масала сони жорий йилда 149 фоизга кўпайган. Жумладан, пенсия тайинлашда иш стажининг айрим даврлари ҳисобга олинмаганлиги масаласи 36 фоизга, ҳоким ёрдамчисидан кредитга тавсиянома олиш масаласи 124 фоизга, банк карталари билан боғлиқ мурожаатлар 192 фоизга, газ баллонлар билан боғлиқ масалалар 29 фоизга, электр ҳисоблагичларга доир мурожаатлар 288 фоизга ошиши кузатилди. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимоя бошқармаси масъул бўлган болалар нафақаси билан боғлиқ мурожаатлар энг кўп қайд этилди.

Х.Очиловнинг таъкидлашича, ўтган даврда келиб тушган 62 минг 703 та мурожаатнинг 18 мингга яқини ижобий ҳал этилди. Афсуски, айрим давлат органлари, ташкилот раҳбар ва масъулларининг аризани ёпиш билан чекланиб, ундаги масалани ёки муаммони ҳал қилишга эътибор қаратилмаганлиги сабабли такрорий мурожаатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоизга (1943 тага) ошган. Жамоавий мурожаатлар эса 505 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 32 фоизга камайган. Фақатгина Қўшработ (5 фоизга) ва Каттақўрғон (3 фоизга) туманларида бундай мурожаатлар ошиши кузатилган. Бироқ, келиб тушган жамоавий мурожаатлар ижобий ҳал этиш борасидаги ишлар яхши эмас. Хусусан, Оқдарё туманидан келиб тушган 18 та жамоавий мурожаатнинг бирортаси ижобий ҳал этилмаган, фақат тушунтириш бериш билан чекланилган.

– Аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг амалий ечимини таъминлашдаги олиб борилаётган ишлар самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида бир қатор ташаббусларни амалга оширяпмиз, – дейди Х.Очилов. – Жумладан, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, улар билан мулоқот тизими самарадорлигини янада ошириш мақсадида “Самарқанд тажрибаси” сифатида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда оммавий сайёр қабулларни ташкил этиш йўлга қўйилди. Ҳар ҳафта шанба куни жойларда вилоят Халқ қабулхонаси томонидан давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида сайёр қабулларни ўтказиш амалиёти жорий қилинди. Фуқароларнинг мурожаатларини жойида кўриб чиқиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда одил судловни халққа янада яқинлаштириш мақсадида, ҳар ҳафта пайшанба куни вилоят Халқ қабулхонасида вилоят суди раисининг сайёр қабули ўтказилмоқда. Яқинда халқ депутатлари вилоят Кенгашига фаолиятимиз юзасидан берган ҳисоботимизни муҳокама қилиш жараёнида вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, такрорий ва жамоавий мурожаатларни камайтириш, мурожаатларни кўриб чиқиш сифати ҳамда масъул идоралар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида аҳоли кайфиятига таъсир қилаётган масалалар бўйича сессияларда давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш таклифи билдирилди. Яна бир муҳим масала – йилнинг тўққиз ойида келиб тушган жами мурожаатларнинг 10 фоизи (6567 таси) оилавий низоларга барҳам бериш, алимент тўловчилар ва олувчиларнинг оилаларини яраштириш ҳамда мерос масаласи билан боғлиқлигидан келиб чиқиб, тегишли идоралар масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этиш таклифини билдиряпмиз. Бу ишчи гуруҳ мазкур турдаги мурожаатларни комплекс равишда кўриб чиқиш ва ҳал этишга кўмаклашиши кўзда тутилган.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири