“Яшил макон” ташаббуси изчил давом этмоқда
Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли учун қулай ва соғлом яшаш муҳитини яратишга қаратилган кенг кўламли ҳаракатга айланди. Ушбу эзгу ташаббус доирасида Бухоро вилоятида ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.
Навбатдаги кўчат экиш тадбири вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида шаҳар ва туманлар ҳокимлари иштирокида вилоятнинг маъмурий марказига тегишли майдонда ташкил этилди.
Тадбир давомида ҳудудга турли манзарали дарахт кўчатлари экилиб, яшил майдонларни кенгайтиришга қаратилган амалий ишлар бажарилди. Эътиборлиси, вилоят ва туманлар раҳбарлари бу жараёнда нафақат ташкилий жиҳатдан, балки бевосита меҳнат билан иштирок этиб, кўкаламзорлаштириш борасида шахсий намуна кўрсатди.
Зеро, “Яшил макон”нинг моҳияти фақат кўчат экиш билан чекланмайди. Унинг замирида табиатга масъулият билан муносабатда бўлиш, экологик маданиятни юксалтириш, келажак авлод учун соғлом ва мусаффо муҳит яратишдек эзгу мақсадлар мужассам. Экилган ҳар бир ниҳол эртанги кунга қаратилган умид, ободлик ва бунёдкорлик рамзидир.


Айни жиҳатдан, раҳбарларнинг бундай тадбирларда шахсан иштирок этиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки яхши ташаббус, энг аввало, амалий ҳаракат ва шахсий намуна орқали кенг жамоатчиликка таъсир кўрсатади. Бу эса маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва аҳоли ўртасида юрт ободлигига дахлдорлик туйғусини кучайтириб, экологик масъулиятни умумий қадриятга айлантиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, бугун экилган кўчатлар келгусида соя-салқин боғларга, яшил ҳудудларга айланиши учун уларни асраб-авайлаш ва парваришлаш ҳам барчамизнинг доимий вазифамиздир. Зеро, ободлик фақат бугун яратилган шароит билан эмас, уни келажак авлодга қандай ҳолда қолдиришимиз билан ҳам ўлчанади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири