Яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган кузги ҳаракатлар авж паллада
Ўзбекистонда кузги кўчат экиш мавсуми қизғин давом этмоқда. Экологик партия фаоллари, аҳоли ва ёшлар туман-шаҳарларда юзлаб дарахт кўчатларини экиб, яшил майдонларни кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда.
Партия ташкилотлари томонидан туман ва шаҳарлардаги маҳаллалар, гузарлар, муассасалар ён-атрофларида юзлаб манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Кенг кўламли кўчат экиш жараёнларида нафақат партия вакиллари, балки маҳаллалар аҳолиси, ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар вакиллари, нуронийлар ва ёшлар фаол иштирок этиб, бу эзгу ташаббусга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Кўчат экиш тадбирлари давомида ҳар бир ҳудуднинг табиий-иқлим шароити, тупроқ ҳолатига мос бўлган манзарали ва мевали дарахт кўчатларини танлаб экишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шунингдек, кўчатларнинг кўкариб, келгусида яхши ривожланиши, яшовчанлигини таъминлаш масалалари ҳам эътибор марказида бўлиб турибди.
Ерга кўчат қадаб, боғ яратишдек эзгу ташаббус келгусида ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади. Шундай экан, кузги кўчат экиш мавсумидан бебаҳра қолмасдан биргина дона бўлса-да кўчат ўтқазиш ҳар биримизнинг бугун ва келажак олдидаги масъулиятимиз, бурчимиз бўлмоғи лозим.
М.Комилова,
ЎзА