Ижтимоий муносабатларда зиёлиларнинг ўрни
XXI асрда жаҳонда кечаётган глобаллашув, геосиёсий ўзгаришлар, ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши ва рақамли трансформация жараёнлари жамият ҳаётининг барча соҳаларига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Бундай шароитда ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиёти нафақат иқтисодий салоҳият, балки жамиятдаги маънавий бирлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувлик ва фуқаролик масъулияти билан ҳам белгиланади. Айниқса, турли миллат ва элатлар, маданиятлар ва дунёқарашлар вакиллари истиқомат қиладиган кўп миллатли жамиятларда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, ҳамкорлик ва умумий Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” шиори остида Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси зиёлилари кенгашининг ҳудудий йиғилиши бўлиб ўтганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Зиёлининг жамиятдаги ўрни унинг эгаллаган мавқеи ёки унвони билан эмас, балки халқ ҳаётига, ёшлар тарбиясига, илм-фан ривожига ва ижтимоий тафаккур юксалишига қўшаётган ҳиссаси билан ўлчанади. У тарихни англайди, бугуннинг муаммоларига бефарқ қарамайди ва келажак олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этади.
Ўзбек халқи кўп асрлик бой давлатчилик, илм-фан, маданият ва маърифат тарихига эга. Қадимий Турон заминида шаклланган цивилизациялар, Буюк ипак йўли орқали ривожланган маданий алоқалар, шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, илм-фан ва адабиёт анъаналари халқимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасидан далолат беради.

Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бердақ, Ажиниёз каби аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси инсоният тафаккури тараққиётида алоҳида ўрин тутади.
Алишер Навоий ижодида инсон камолоти, адолат, саховат ва маърифат ғоялари юксак бадиий маҳорат билан тараннум этилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида тарихий тафаккур, кузатувчанлик ва инсоний кечинмалар ўзига хос ифодасини топган. Жадид маърифатпарварлари эса халқни илмли, маърифатли ва замонавий дунёқарашга эга бўлишга даъват этганлар.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида миллий тараққиётнинг иқтисодий ва сиёсий омиллари билан бир қаторда, маънавий-ахлоқий асосларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рақамли тараққиёт замонавий жамиятнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётини ўзгартираётган муҳим омиллардан биридир. Ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий интеллект, интернет платформалари, электрон давлат хизматлари ва рақамли таълим тизимлари инсонларнинг кундалик фаолиятида тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Рақамли трансформацияни фақат техник янгиланиш сифатида баҳолаш тўғри эмас. У инсон тафаккури, мулоқот маданияти, ижтимоий муносабатлар, меҳнат фаолияти ва фуқаролик иштирокининг янги шаклларини вужудга келтираётган комплекс жараёндир.
Замонавий медиа макон оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар, блоглар, мессенжерлар ва бошқа рақамли коммуникация воситаларини қамраб олувчи ахборот муҳити ҳамдир. Мазкур жараёнда оила, маҳалла ва таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фаолият юритувчи муҳим ижтимоий институтлар сифатида намоён бўлади. Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилавий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳам ушбу тизимнинг ажралмас қисмидир.
Жамиятнинг келажакдаги рақобатбардошлиги, инновацион ривожланиши ва маънавий барқарорлиги кўп жиҳатдан зиёлиларнинг билим даражаси, касбий тайёргарлиги, дунёқараши ва ижтимоий фаоллигига боғлиқ.
Бугунги глобаллашув шароитида миллий тарбия масаласи янги мазмун касб этмоқда. Ахборот оқимининг кучайиши, турли маданий таъсирларнинг кенгайиши, рақамли технологияларнинг ёшлар ҳаётига чуқур кириб бориши ва ижтимоий муносабатларнинг ўзгариши тарбия тизими олдига, эл-юрт зиёлилари олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Яхшибека Абдуллаева,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, тарих фанлари доктори, профессор
ЎзА