Меҳнат миграцияси: таълим ва касбий тайёргарлик
Тошкент вилоятида хорижий давлатларда меҳнат қилиш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш, уларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш ҳамда муносиб иш ўринларига жойлаштириш бўйича янги ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Маълумки, Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 2 ноябрь куни меҳнат миграцияси соҳасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда халқаро меҳнат бозори тақдим этаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, фуқароларни талаб юқори бўлган касблар ва хорижий тилларга ўргатиш, уларнинг хорижда хавфсиз ҳамда муносиб меҳнат шароитларида фаолият юритишини таъминлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган эди.

Айни йўналишда Тошкент вилоятида ҳам амалий ишлар бошланган. Хусусан, Япониянинг хорижий давлатлар фуқароларини касбий тайёрлаш, танлаш ва иш билан таъминлашга ихтисослашган “Onodera User Run” компанияси билан ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда. Яқинда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегациясининг Япония давлатига қилган ташрифида ҳам мазкур компания президенти Жун Като билан учрашувида ана шу ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинган эди.
Таъкидлаш жоизки, Жун Като яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги “OUR BLOOMING ACADEMY” таълим марказига ташрифи чоғида ҳам иштирок этган эди. Ўшанда компания вакиллари ўзбекистонлик ёшларни бепул касбга тайёрлаш, малакасини ошириш ва келгусида иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берган. Вилоят ҳокими билан учрашувда эса ушбу ҳамкорликни ҳудуд миқёсида кенгайтириш, мавжуд имкониятларни аниқ лойиҳаларга айлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Маълумот учун, 2016 йилда Токио шаҳрида ташкил этилган “Onodera User Run” компанияси бугунги кунда Филиппин, Мянма, Индонезия, Лаос ва бошқа мамлакатларда кадрлар тайёрлаш лойиҳаларини амалга оширмоқда. Компания хорижий фуқароларни япон тили ва турли касбий йўналишлар бўйича ўқитиш, уларни Япония меҳнат бозори талабларига тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш билан шуғулланади. Шу билан бирга, мазкур компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳам изчил ривожланмоқда. 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида “Our Blooming Academy Uzbekistan” таълим маркази иш бошлади. Ҳозирда бу ерда ёшлар умумий овқатланиш, кексаларни парваришлаш ва ҳайдовчилик йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.
Учрашувда Тошкент вилоятида ҳам ушбу тажрибани кенгайтиришга қаратилган таклифлар илгари сурилди. Жумладан, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ҳамда “Onodera User Run” компанияси ўртасида уч томонлама ҳамкорлик битимини имзолаш, шунингдек, ҳудудда япон иш берувчилари талаблари асосида ҳайдовчилар тайёрлашга ихтисослашган ўқув марказини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов, Касбий таълим бошқармаси масъуллари, Янгийўл шаҳар ҳокимлиги вакиллари ҳамда япон компанияси делегацияси иштирокида ҳудуддаги 1-сон техникум фаолияти ўрганилди.
Ташриф давомида техникум ҳудудида вилоят ёшларини Японияда талаб юқори бўлган ҳайдовчилик йўналишлари бўйича тайёрлаш, В, С ва D тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишга тайёргарлик кўриш, шунингдек, япон тилига ўқитишга ихтисослашган замонавий ўқув марказини ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бўлажак марказнинг моддий-техник базаси, мавжуд шарт-шароитлар, таълим жараёнини ташкил этиш ва япон томони билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур ташаббуслар, аввало, ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиши, замонавий касбларни эгаллаши ва халқаро меҳнат бозори талабларига мос мутахассис бўлиб шаклланиши учун янги имкониятлар яратади. Энг муҳими, касбий тайёргарликдан ўтган фуқароларни хорижда қонуний ишга жойлаштириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш учун ҳамкорлик механизмларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Зеро, бугун меҳнат миграцияси соҳасидаги асосий вазифа фуқароларни шунчаки хорижга ишга юбориш эмас, балки уларни борадиган мамлакатининг тили, касбий талаблари ва меҳнат муҳитига олдиндан тайёрлашдан иборат.
А.Мусаев,ЎзА