Бугунги тантаналар бир байроқ остида бирлашган буюк элнинг руҳиятини акс эттирмоқда
Байроқ ҳар бир мамлакатнинг шарафи, ғурури ва мустақиллигининг тимсолидир. Ана шу муқаддас рамзни улуғлаш, унинг қадр-қимматини юксак эътироф этиш халқнинг азалий қадрияти ва фуқаролик бурчидир.
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида Давлат байроғимиз қабул қилинганининг 35 йиллиги катта ифтихор ва шоду хуррамлик билан нишонланмоқда. Ана шундай тантанали тадбирлардан бири «Янги Ўзбекистон» университетида ҳам бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Давлат байроғимизнинг халқимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни, унинг миллий ғурур, озодлик, мустақиллик ва Ватанга бўлган юксак муҳаббат рамзи эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, тадбир давомида спортчи ёшлар томонидан тайёрланган бадиий-спорт чиқишлари, ҳарбийлар намойиши ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан махсус кўргазма ташкил этилди.
[gallery-32589]
Бундан ташқари этноспортнинг ўзбек жанг санъати, армрестлинг, камондан ўқ отиш ва миллий кураш каби турлари бўйича намойишкорона чиқишлар ўтказилди. Шунингдек, университет талабалари томонидан тайёрланган махсус флешмоб тадбирга янада кўтаринки руҳ ва байрамона кайфият бағишлади.
Ҳамроз Баёнов, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА