Ярим йилда 92,3 мингта никоҳ: қайси ҳудудларда оила қуриш фаоллиги юқори?
Оила инсон ҳаётидаги муқаддас даргоҳ. Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар давом этаётган бир пайтда, никоҳ статистикаси жамиятдаги демографик жараёнларнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакат бўйича ФҲДЁ органларида 92 минг 300 та никоҳ расман қайд этилган.
Ушбу рақамлар нафақат аҳолининг оила қуришга бўлган интилишини, балки ҳудудларнинг демографик хусусиятлари, ёшлар улуши ва ижтимоий-иқтисодий омилларни ҳам акс эттиради.
Самарқанд етакчиликни сақлаб қолмоқда
Ярим йиллик кўрсаткичлар бўйича Самарқанд вилояти 10 минг 150 та никоҳ билан республикада биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳудудда аҳоли сонининг юқорилиги, ёшлар улушининг катталиги ва анъанавий оилавий қадриятларнинг мустаҳкамлиги юқори кўрсаткичларни таъминлаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Иккинчи ўринда 9 минг 787 та никоҳ билан Фарғона вилояти, учинчи ўринда эса 9 минг 597 та никоҳ қайд этилган Қашқадарё вилояти жойлашган.
Алоҳида қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳри ҳам 9 минг 459 та никоҳ билан юқори ўринлардан бирини эгаллаган.
Рейтингга назар ташланса, никоҳлар сони кўп бўлган ҳудудлар, асосан, аҳоли сони кўп бўлган вилоятлар экани кўринади. Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари мамлакатнинг энг зич аҳоли яшайдиган ҳудудлари ҳисобланади.
Бу эса никоҳлар сони кўплиги биринчи навбатда демографик омиллар билан боғлиқ эканини кўрсатади. Шу билан бирга, иқтисодий фаоллик, иш ўринлари ва шаҳарлашув даражаси ҳам ёшларнинг оила қуриш қарорларига таъсир этувчи муҳим омиллардан саналади.
Қуйи кўрсаткичлар нимани англатади?
Навоий вилоятида 2 минг 435 та, Сирдарё вилоятида 2 минг 310 та никоҳ қайд этилган бўлиб, бу республикадаги энг паст кўрсаткичлардир.
Бироқ, бу рақамларни оила қуриш фаоллигининг пастлиги сифатида баҳолаш тўғри эмас. Чунки мазкур ҳудудларда аҳоли сони бошқа вилоятларга нисбатан анча кам. Шу сабабли мутлақ сонлар эмас, балки ҳар минг аҳолига тўғри келадиган никоҳлар коэффициенти демографик таҳлил учун янада аниқроқ мезон ҳисобланади.
Ярим йилда қайд этилган 92,3 мингта никоҳ мамлакатда оила институти барқарор ривожланаётганидан даракдир.
Бироқ бу рақамлар чуқур таҳлил қилинаётганда ёшларнинг никоҳга кириш ёши, шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги фарқлар, иқтисодий шароит ва бандлик,ипотека ва уй-жой имкониятлари ва таълим олиш муддатининг узайиши каби бир қатор омилларга эътибор қаратиш зарур.
Айниқса, кейинги йилларда ёшларнинг аввал таълим олиш ва меҳнат фаолиятини йўлга қўйиб, шундан сўнг оила қуришга интилаётгани кузатилмоқда. Бу эса никоҳлар статистикасининг нафақат демографик, балки ижтимоий жараёнлар билан ҳам узвий боғлиқ эканини кўрсатади.
Жорий йилнинг дастлабки олти ойида қайд этилган 92,3 мингта никоҳ Ўзбекистонда оила институти муҳим ижтимоий қадрият бўлиб қолаётганини тасдиқлайди. Ҳудудлар кесимидаги фарқлар эса, аввало, аҳоли сони, ёшлар улуши ва демографик хусусиятлар билан изоҳланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА