Шерзод Хўжаев: Тизим ходимлари фаолиятининг асосий қисми жойларда ташкил этилади
Жорий йилнинг 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, тизим самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлашга қаратилган қатор муҳим вазифалар белгиланди. Хусусан, Энергетика вазирлиги олдига аниқ мақсад ва устувор вазифалар қўйилди.
Бу ҳақда янги тайинланган энергетика вазири Шерзод Хўжаев қуйидагича муносабат билдирди:
– Куни кеча Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Энергетика вазирлиги олдига аниқ мақсад ва вазифалар белгиланди. Энг аввало, тизим ходимлари 90 фоиз вақтини пастда – маҳаллаларда инфратузилма объектларидаги муаммоларни бартараф этиш ишлари билан ўтказиши керак. Бунинг асосий мақсади иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун зарур ҳисоб-китобларни амалга оширишдан иборат.
Уч ой муддатда мазкур таҳлил ва ҳисоб-китоблар асосида тизимни такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб киритишимиз керак.
Шунингдек, тизимга бозор тамойилларини жорий этишни жадаллаштириш зарур. Хусусан, маҳсулотлар етказиб бериш ва суюлтирилган газ таъминотидан бошлаб рақобат механизмларини босқичма-босқич жорий этиш вазифаси қўйилди. Тармоқларни модернизация қилиш, қарздорликни қисқартириш, йўқотишларни камайтириш ишларининг ҳаммаси ҳамкорликда амалга ошириш топшириғи берилди.
Алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан бири соҳани рақамлаштириш бўлди. Бунда фақат ҳисоб-китоблар, электр ва газ ҳисоблагичлари ёки биллинг тизимларини рақамлаштириш эмас, балки янги ёндашув асосида ишчи-ходимларига вазифа бериш, уларнинг ҳисоботларини қабул қилиш, кунлик фаолияти ва меҳнат самарадорлигини баҳолаш жараёнларини ҳам тўлиқ рақамлаштириш вазифаси белгиланди.
Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам янгича ёндашув белгиланди. Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда дуал таълим тизимини кенгайтириш ва энергетика йўналишида таҳсил олаётган барча талабаларни мазкур тизимга қамраб олиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида амалга оширилган тажриба асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги биттадан техникумни модернизация қилиш, йирик хорижий инвесторлар маблағлари ҳисобидан замонавий лабораториялар ва ўқув полигонларини ташкил этиш ҳамда ўқув дастурларини халқаро стандартлар асосида тўлиқ қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланди.
Умуман олганда, ушбу ислоҳотлар натижасида энергетика тизими самарадорлигини ошириш, соҳанинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини кўпайтириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини юксалтириш кўзда тутилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА