Истиқлол – орзуларга қанот берган қудрат
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Мустақиллик – энг аввало, инсон тақдиридаги ўзгаришлар, улкан имкониятлар, эркин танлов ва орзуларнинг рўёбга чиқишидир. Ўтган 35 йил давомида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар айнан инсон манфаати, унинг билим олиши, меҳнат қилиши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун хизмат қилди.
Бугунги Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат тараққиётининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Замонавий таълим тизимини шакллантириш, хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар бўлиши учун яратилаётган имкониятлар бу сиёсатнинг амалий натижасидир. Эндиликда иқтидорли ўзбек ёшлари учун дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олиш орзу эмас, балки эришиш мумкин бўлган мақсадга айланди.
Истиқлолнинг ҳақиқий қиймати ҳам ана шунда – у фуқароларимизнинг имкониятларини кенгайтирди, орзу ва интилишларига қанот бағишлади. Бугун АҚШ, Европа ва Осиёнинг етакчи университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларнинг ҳаёт йўли бунинг энг ёрқин исботидир. Қуйида уларнинг мустақиллик, яратилган имкониятлар ва Ватан олдидаги масъулият ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.
Азиза Ҳамидолимова, Аризона университети 4-курс талабаси:

– Имкониятдан ўз вақтида фойдаланиш – муваффақият сари қўйилган энг муҳим қадамлардан бири. Айтишим мумкинки, мен ҳам ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланган ёшлардан бириман.
Тўққиз йил аввал дадам газетада ижод мактабларига қабул бошлангани ҳақидаги хабарни ўқиб берганида, қалбимда: “Мен айнан шу ерда ўқишим керак”, деган қатъий ишонч пайдо бўлган эди. Ана шу орзу ва ишонч мени тинмай изланишга, ўз устимда ишлашга ундади.
Бугун эса дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Аризона университетида таҳсил олаётганим мен учун нафақат шахсий ютуқ, балки мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ва уларга билдирилаётган юксак ишончнинг амалий ифодасидир.
Бугунги кунда ўзбек ёшлари дунёнинг етакчи университетларида таҳсил олиб, илм-фан, инновациялар ва турли соҳаларда муносиб ютуқларга эришмоқда. Уларнинг ҳар бир муваффақияти юртимиз нуфузини халқаро майдонда янада юксалтириб, биз ёшлар қалбида Ватан олдидаги масъулият ва фахр туйғусини мустаҳкамламоқда.
Мен ҳам эгаллаётган билим ва орттираётган халқаро тажрибамни келажакда Янги Ўзбекистон тараққиёти, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида муносиб хизмат қилишга сафарбар этишни ўзимнинг энг улуғ мақсадим деб биламан.
Хосилмурод Абдухолиқов, “Yale University” 4-курс талабаси:

– Бугунги рақамли даврда ҳар бир давлатнинг тараққиёти аввало, замонавий технологиялар, илм-фан ва билимли ёшлар салоҳияти билан белгиланади. Шу боис ўлкамизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ҳамда рақобатбардош кадрлар этиб тарбиялашга қаратилаётган ҳар бир ташаббус ва қарор улкан аҳамият касб этади. Бу жараёнларда эса ҳар биримиз ўз вазифамизга масъулият ва виждон билан ёндашишимиз муҳим, деб ҳисоблайман.
Жиззах шаҳрида очиқ осмон остидаги кутубхоналарни ташкил этиш ташаббусига бағишланган учрашувда Президентимиз билан мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлганман. Учрашув давомида давлатимиз раҳбари менга қараб: “Менга айтган бахмаллик энг яхши университетга кирган йигитимиз шуми? Ота-онангизга раҳмат айтинг”, деган эдилар. Президентимизнинг бу эътирофи мен учун унутилмас воқеа бўлди. Бу сўзлар менга нафақат катта фахр, балки янада масъулият билан ўқиш, изланиш ва юртимизга муносиб хизмат қилиш йўлида тинмай меҳнат қилишга кучли рағбат бағишлайди.
Айтишим керакки, мен эришган ҳар қандай ютуқ ота-онамнинг меҳри, тарбияси ва фидокорона меҳнатининг самарасидир. Улар фарзандларининг камолоти учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этишган. Шу маънода, менинг муваффақиятим нафақат шахсий меҳнатим, балки оиламнинг сабр-тоқати ва ишончининг ҳам натижаси, деб биламан.
Бугун диёримизда минглаб ота-оналар фарзандларининг порлоқ келажаги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун ҳалол меҳнат қилмоқда. Уларнинг заҳмати, сабр-матонати ва эзгу орзулари мамлакатимиз ривожининг мустаҳкам пойдеворини яратмоқда. Шунинг учун ҳам мустақиллигимиз ютуқларининг ҳақиқий қаҳрамонлари энг аввало, ана шундай меҳнаткаш ва фидойи халқимиздир.
Гулқумар Жақсиликова, “Stony Brook University” 3-курс талабаси:

– Тинч ва осойишта юртда яшаш, орзу-мақсадлар сари интилиш ва уларни рўёбга чиқариш учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш – биз ёшлар учун нафақат катта бахт, балки келажак олдидаги юксак масъулият ҳамдир. Эътиборлиси, бугун мамлакатимизда ёшларга билдирилаётган ишонч, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган давлат сиёсати ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Мен Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудида вояга етган оддий қиз сифатида бугун АҚШнинг Нью-Йорк штатида таҳсил олаётганимни Ватанимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ёшларга яратилаётган беқиёс имкониятларнинг ёрқин натижаси, деб биламан.
Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро таълим дастурлари, хорижда таҳсил олиш учун яратилаётган шароитлар ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси каби тизимли имкониятлар туфайли мен каби минглаб ёшлар дунёнинг энг нуфузли университетларида билим олиб, замонавий илм-фан ва илғор тажрибаларни ўзлаштирмоқда. Бу имкониятлар бизга нафақат юқори малакали мутахассис бўлиш, балки халқаро тажрибани юртимиз равнақи йўлида самарали қўллаш масъулиятини ҳам юклайди.
Ўтган йили давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасидаги учрашувда нутқ сўзлаш имконига эга бўлганим ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлди. Учрашув давомида Президентимиз шахсан менга қарата: “Сиздек қорақалпоқ қизим борлигидан фахрланаман. Ота-онангизга менинг номимдан раҳмат айтинг”, деган самимий сўзларни айтган эдилар. Бу эътирофни мен ўз ҳаётимдаги энг катта ишонч ва энг юксак рағбат сифатида қабул қилдим.
Ўша лаҳзада мен яна бир ҳақиқатни чуқур англадим: инсоннинг ютуқлари фақат унинг шахсий меҳнати билан эмас, балки унга ишонган ота-онаси, устозлари ва давлат яратган имкониятлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ экан. Президентимизнинг бу сўзлари менга янада кўпроқ изланиш, билим олиш ва ўз олдимга қўйган мақсадларим сари қатъият билан интилиш учун кучли туртки бўлди.
Асадбек Абдушукуров,
Аризона университети “Журналистика” факультети 2-курс талабаси