Танлов энг билимдон ва тажрибали ўқитувчиларни кашф этади
Юртимизда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, замонавий мактаблар барпо этилмоқда, ўқитувчиларнинг меҳнати муносиб қадрланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қарор ва дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти билимли авлод, фидойи устоз ва юксак салоҳиятли педагоглар қўлида экани ҳар бир ислоҳотда ўз ифодасини топмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, ижодкор, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ўқитувчиларни кашф этиш ҳамда уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштиришга хизмат қилаётган нуфузли танловлардан бири — “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловидир.
Бухоро вилоятида мазкур танловнинг учинчи босқичига тантанали равишда старт берилди. Очилиш маросимида иштирокчиларга танлов синовларини ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари ҳамда иштирокчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг очиқлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида қуръа ташлаш жараёни ўтказилиб, ҳар бир педагогнинг танлов синовларида иштирок этиш кетма-кетлиги аниқланди. Бу эса танловнинг холис ва шаффоф ўтишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 28–30 июль кунлари давом этадиган ушбу босқичда республиканинг 208 та туман ва шаҳридан 416 нафар сараланган педагог ўзининг касбий маҳорати, чуқур билими, инновацион ёндашувлари ва таълим соҳасидаги илғор тажрибаларини намойиш этади.
Бухоро вилояти шарафини эса 26 нафар тажрибали ва иқтидорли педагог ҳимоя қилмоқда. Уларнинг ҳар бир дарсни ижодкорлик билан ташкил этиш, замонавий педагогик технологияларни амалиётга самарали татбиқ этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юксак маънавият ва илм-фанга интилиш руҳида тарбиялаш борасидаги маҳоратини намоён этади.
Танлов нафақат ғолибларни аниқлаш, балки республика бўйлаб фаолият юритаётган илғор ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашиш, инновацион ғояларни оммалаштириш ва таълим сифатини янада юксалтириш учун муҳим майдон вазифасини ҳам ўтайди.

Танлов якунларига кўра, вилоятдан 13 нафар, республика бўйича эса 208 нафар педагог ғолиб деб эътироф этилади. Вазирлар Маҳкамасининг 264-сон қарорига мувофиқ, ҳар бир ғолиб базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари — 576 миллион 800 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади. Бу эса давлатимиз томонидан муаллим меҳнатига берилаётган юксак баҳо ва эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Бугун Янги Ўзбекистонда ўқитувчи нафақат билим берувчи, балки миллат маънавиятини юксалтирувчи, Ватан келажагини барпо этувчи энг улуғ касб эгаси сифатида қадрланмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакат тараққиётини илм-фан ва таълимсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, устозларни рағбатлантириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва касбий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган бундай танловлар эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

“Йил ўқитувчиси” танлови — бу шунчаки беллашув эмас. Бу муаллим шарафи, билим ва заковат, фидойилик ва юксак масъулиятнинг ҳақиқий синовидир. Бу майдонда ғолиб бўлган ҳар бир педагог нафақат юксак мукофотга, балки бутун халқнинг юксак ҳурмати ва эътирофига ҳам сазовор бўлади. Чунки миллат келажагини қуриш йўлидаги энг буюк қадам — аввало, устозни улуғлашдан бошланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири