Япон компаниялари учун кадрлар тайёрланади
Японияда ишлаш истагидаги ёшлар учун энди касб ва тил билими бир жойда — Сирдарёнинг ўзида шакллантирилиши мумкин. Вилоятда япон компаниялари эҳтиёжига мос мутахассислар етиштириш, уларни касбий ва тил жиҳатидан тайёрлаш бўйича ҳамкорликнинг янги йўналиши белгиланди.
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг «Onodera User Run» компанияси раҳбари Жун Като билан учрашувида мазкур масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Onodera User Run» компанияси хорижий фуқароларни касбий ва тил жиҳатидан тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда Япония корхона ва ташкилотларига ишга жойлаштириш йўналишида фаолият юритади. Компания иш берувчиларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кадрлар тайёрлашга ихтисослашган.
Учрашувда қайд этилганидек, айни пайтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган Япониянинг 16 та компанияси малакали кадрларга эҳтиёж билдирмоқда. Келгуси йилда яна ўнлаб япон компанияларининг мамлакатимизга кириб келиши кутилмоқда. Бу эса турли касб ва мутахассисликлар бўйича минглаб кадрларни тайёрлаш заруратини юзага келтиради.

Ушбу эҳтиёждан келиб чиқиб, Сирдарё вилоятида касбий таълимни хорижий иш берувчилар талаблари билан уйғунлаштириш масаласига эътибор қаратилди. Жумладан, техникумларда мутахассислик фанлари билан бир қаторда япон тилини ўқитиш, иш берувчилар буюртмаларини ўқув дастурларига киритиш ҳамда битирувчиларни аниқ касбий йўналишлар бўйича тайёрлаш таклиф этилди.
Дониёр Қодиров тиббиёт, ҳайдовчилик, логистика ва саноат каби йўналишларда мутахассисларни япон компанияларининг аниқ эҳтиёжлари ва буюртмалари асосида тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун таълим муассасалари ва хорижий иш берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёшларнинг касбий маҳорати билан бир қаторда япон тилини билиш даражасини ҳам ошириш зарурлиги қайд этилди.

Бинобарин, халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаш учун касб-ҳунарни пухта билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Хорижий иш берувчилар талабларини англаш, тилни ўзлаштириш ва амалий тажрибага эга бўлиш ҳам муҳим. Шу маънода, белгиланаётган ҳамкорлик сирдарёлик ёшларга нафақат хорижда меҳнат қилиш, балки замонавий касбларни эгаллаш ва ўз малакасини халқаро даражада намоён этиш имкониятини яратиши мумкин.
Учрашув якунида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва «Onodera User Run» компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат касбий таълимни ривожлантириш, Япония меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш ҳамда ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири