Тадбиркорлар муаммоси — масъул идоралар эътиборида
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун яратилган ҳуқуқий ва молиявий имкониятлардан самарали фойдаланишга кўмаклашиш давлат идораларининг муҳим вазифаларидан биридир. Айни мақсадда Сирдарё вилояти Ёшлар марказида «Тадбиркорлик фаолиятида ҳуқуқий кафолатлар, молиявий имкониятлар ва долзарб масалалар» мавзусида семинар ташкил этилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда давлат идоралари, банк-молия муассасалари ва масъул ташкилотлар вакиллари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Семинарни вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Иномжон Қудратов очиб, тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ишбилармонларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда улар дуч келаётган муаммоларни масъул идоралар билан ҳамкорликда ҳал этишнинг аҳамиятига тўхталди.

Тадбирда адлия бошқармаси, Миллий банк, Бизнес-омбудсман, солиқ бошқармаси, Халқ банки, Агробанк, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги вилоят бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Микрокредитбанк вакиллари ўз йўналишлари бўйича маълумот ва тушунтиришлар берди.
Хусусан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби, ёш тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар, тўловга қобилиятсизлик билан боғлиқ масалалар ва интеллектуал мулк соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, текширувларни ўтказиш тартиби, солиқ маъмуриятчилигидаги ўзгаришлар, мавжуд солиқ имтиёзлари ва низоларни судгача ҳал этиш механизмлари хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Банк-молия муассасалари мутахассислари хотин-қизлар тадбиркорлиги ҳамда чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган ишбилармонлар учун тақдим этилаётган кредитлар, молиявий имкониятлар ва имтиёзлар билан таништирди. Санитария-эпидемиология талаблари, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тартиби юзасидан ҳам саволларга жавоб қайтарилди.

Семинарнинг эътиборли жиҳати шундаки, унда назарий маълумотлар билан чекланилмай, тадбиркорларнинг бевосита мурожаатлари ҳам тингланди. Ишбилармонлар томонидан кўтарилган масалалар тегишли идоралар вакиллари иштирокида муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича масъуллар белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири