Ўқув-семинар ва амалий кўчат экиш тадбири ташкил этилди
Сирдарё вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 221 та маҳаллада фаолият юритаётган «Маҳалла еттилиги» вакиллари иштирокида ўқув-семинар ва амалий кўчат экиш тадбири ташкил этилди.
Тадбир Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Мирзаобод туманида ўтказилди. Унда маҳаллаларда кўкаламзорлаштириш ишларини тизимли йўлга қўйиш, дарахт кўчатларини экиш ва парваришлашда масъулиятни ошириш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув-семинар давомида экология соҳаси мутахассислари ва маҳаллаларга бириктирилган ўрмон мураббийлари иштирокчиларга дарахт кўчатларини экишнинг агротехник талаблари, тупроқ ва иқлим шароитига мос навларни танлаш, суғориш, озиқлантириш ҳамда парваришлаш усуллари бўйича амалий тавсиялар берди.
Айниқса, кўчат экишнинг ўзи етарли эмаслиги, уларнинг келгусида униб кетиши, соғлом ўсиши ва ривожланишини таъминлаш учун мунтазам суғориш, озиқлантириш ва парваришлаш ишларини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада маҳалла вакилларининг ташаббускорлиги ҳамда масъулияти муҳим омил экани қайд этилди.

Тадбирнинг амалий қисмида қарийб 5 гектар майдонга, ҳудуд иқлим шароитига мос бўлган сада, тут, жийда, каталпа каби 5 минг тупдан ортиқ кўчатлар экилди. Мазкур жараёнда «Маҳалла еттилиги» вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга ўз ҳиссаларини қўшишди.
— «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллаларнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бугунги ўқув-семинар орқали «Маҳалла еттилиги» вакилларига кўчат экиш ва уларни парваришлаш бўйича зарур амалий кўникмалар берилди. Асосий мақсадимиз — маҳаллаларда кўкаламзорлаштириш ишларини изчил давом эттириш, экилаётган ҳар бир ниҳолнинг униши ва ривожланишига масъулият билан ёндашишдан иборат, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов.

Таъкидлаш жоизки, бундай ташаббуслар нафақат ҳудудларнинг ташқи қиёфасини ободонлаштириш, балки экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва аҳоли учун соғлом яшаш муҳитини яратишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Мазкур тадбир «Яшил макон» лойиҳасини маҳаллабай ташкил этиш, бу жараёнда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва энг муҳими, экилган ҳар бир кўчатни асраб-авайлаш орқали уни келгуси авлод учун яшил меросга айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири