Янги вазифалар белгилаб олинди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бухоро вилоят ташкилотининг конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда партиянинг ҳисобот давридаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, депутатлик корпуси фаолияти ҳамда келгусидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партиялар ҳамда депутатлик корпуси зиммасига ҳам муҳим масъулият юкламоқда. Бу эса партия фаолиятини фақат ташкилий тадбирлар билан эмас, балки аҳоли ҳаётидаги амалий натижалар билан баҳолашни тақозо этади.
Конференцияда келтирилган маълумотларга кўра, 2024 йилдаги парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида ЎзЛиДеП Бухоро вилоятида парламентдаги 3 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашида 16 та, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 93 та депутатлик ўрнини қўлга киритган.
Ҳисобот даврида депутатлар томонидан 1083 та депутатлик сўрови юборилиб, улар орқали 950 га яқин муаммонинг ечимига эришилди. Шунингдек, 192 та сайёр қабул ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди ва 296 та мурожаат ижобий ҳал этилди. Айниқса, “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилган сайёр қабуллар аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Ушбу тадбирларда 2430 нафар фуқаро қамраб олиниб, 815 га яқин муаммо аниқланди. Уларнинг 611 таси жойида ҳал этилди. Бу рақамлар депутатлик фаолиятида аҳоли мурожаатларига эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Айни пайтда, ҳар бир мурожаатнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳал этилиши, қолган масалаларнинг ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини таъминлаш партия олдидаги муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
[gallery-32726]
Партиянинг таянч бўғини ҳисобланган бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ҳам ҳисобот давридаги устувор йўналишлардан бири бўлди. Натижада вилоятдаги бошланғич партия ташкилотлари сони 900 тадан 1007 тага етди. Бу 107 та янги ташкилот тузилганини англатади. Партия аъзолари сафида ҳам сезиларли ўсиш кузатилиб, уларнинг умумий сони 58 минг 539 нафарни ташкил этди.
Конференцияда партиянинг ташкилий фаолиятини янада такомиллаштириш, бошланғич партия ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш, электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, партия Дастури ва Уставини замон талаблари асосида янгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда партиянинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи, аввало, унинг сайловчилар билан доимий мулоқоти, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий фаолияти билан белгиланиши қайд этилди. Шу маънода, бошланғич партия ташкилотларининг фаоллигини ошириш, депутатлар ва электорат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш келгуси ишларнинг муҳим мезони сифатида белгиланди.
Анжуман якунида партия фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, халқ ишончини амалий ишлар билан оқлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, ЎзЛиДеП нинг навбатдаги Конгрессига делегатлар сайланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари