Инсон қадри ва оила хавфсизлигининг муҳим кафолати
Бухорода хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, қонунчилик ижросини таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз ижтимоий муҳит яратиш бугунги кунда жамият олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Зеро, зўравонлик фақат бир инсоннинг ҳуқуқини поймол этиш билан чекланмайди. У оиладаги маънавий муҳитга, фарзандлар тарбиясига, жамиятдаги ўзаро ишонч ва барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий механизмлар изчил такомиллаштирилмоқда. Бу борада қонунчиликни мустаҳкамлаш билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган очиқ мулоқотда ҳам айнан шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Унда партия вилоят Кенгаши вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят Ички ишлар бошқармаси масъуллари, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро вилояти филиали ходимлари, маҳалла фаоллари, “Сиёсатчи аёллар” клуби аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Суннатжон Аҳатов кириш сўзи билан очиб, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.


Шунингдек, партия депутатлари ва фаоллари маҳаллаларда аҳоли билан доимий мулоқот олиб бориши, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиши, қонунчилик ижросини назорат қилиши ва ҳар бир мурожаатнинг ечими бўйича ташаббус кўрсатиши зарурлиги қайд этилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова оилавий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, жабрланувчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига тўхталди. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатларга бефарқ муносабатда бўлмаслик, жабрланувчиларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳар бир масъул ташкилотнинг муҳим вазифасидир.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Мойра Тўшова эса маҳалла ва жамоатчиликнинг зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишдаги ўрнига эътибор қаратди.
Дарҳақиқат, оиладаги носоғлом муҳит, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари кўпинча дастлаб яширин кечади. Агар бундай вазиятлар ўз вақтида аниқланмаса, оқибатлари янада оғирлашиши мумкин. Шу боис маҳалла фаоллари, хотин-қизлар фаоллари, таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, хавфли вазиятларга бефарқ бўлмаслик муҳим аҳамиятга эга.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори, подполковник Нигора Абзалова ўз маърузасида ички ишлар органларининг қонунчилик ижросини таъминлаш борасидаги вазифаларига атрофлича тўхталди.


Жумладан, 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги ҳамда 2024 йил 14 ноябрдаги “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ва амалиётдаги аҳамияти тушунтирилди.
Таъкидланганидек, зўравонликка қарши курашиш фақат ҳуқуқбузарни жавобгарликка тортиш билан чекланмайди. Бу жараёнда энг муҳим вазифалардан бири — хавфли ҳолатларни барвақт аниқлаш, жабрланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳимоя ордери талабларига риоя этилишини назорат қилиш ва такрорий зўравонликнинг олдини олишдир.
Маърузада келтирилган маълумотга кўра, 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида Бухоро вилоятида 14 минг 471 та ҳимоя ордери берилган. Бу рақамлар мавзунинг нақадар долзарб эканини кўрсатади. Зеро, ҳар бир ҳимоя ордери ортида ўз хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга муҳтож инсон, унинг оиласи ва ҳаётий вазияти мужассам. Шунинг учун бу борадаги ишларни фақат статистик кўрсаткичлар билан баҳолаш тўғри эмас. Асосий мезон — жабрланувчининг хавфсизлиги таъминлангани, ҳуқуқлари тиклангани ва зўравонлик ҳолатининг такрорланишига йўл қўйилмаганидир.
Очиқ мулоқотда зўравонликнинг инсон саломатлигига таъсири, айниқса, аёллар ва болаларнинг жисмоний ҳамда руҳий ҳолатига етказадиган зарари ҳам эътибордан четда қолмади.
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро вилояти филиали директорининг ўринбосари Гулноз Мавлонова жабрланувчиларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳолатига масъулият билан ёндашиш ҳамда тиббиёт ходимларининг бу борадаги вазифалари ҳақида сўз юритди.
Зеро, зўравонликнинг асорати фақат жисмоний жароҳатлар билан намоён бўлмайди. Айниқса, болалик даврида бошдан кечирилган руҳий тазйиқ ва қўрқув инсоннинг кейинги ҳаёти, дунёқараши ва шахс сифатида шаклланишига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли жабрланувчиларга ўз вақтида тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш ҳимоя тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади.


Очиқ мулоқот якунида иштирокчилар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, қонунчилик ижросини кучайтириш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифларини илгари сурдилар.
Таъкидлаш жоизки, зўравонликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки алоҳида ташкилотларнинг вазифаси эмас. Бу — оила, маҳалла, таълим, тиббиёт муассасалари, жамоатчилик ва бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Зўравонликка бефарқ бўлмаслик, жабрланувчини айблаш эмас, уни қўллаб-қувватлаш, ҳар бир ҳолатга ўз вақтида муносабат билдириш орқали хавфсиз ва соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири