Арзимас жанжал сабаб узилаётган ришталар ва катта ҳаёт остонасидаги масъулият
Машина ҳайдаш учун гувоҳнома олишга узоқ муддат ўқиймиз. Ўйлаб қоласан, бир умрлик йўл бўлган оилавий ҳаётга эса кўпинча ҳеч қандай тайёргарликсиз кириб борамиз.
Йиллар давомида бир кунлик тўйнинг тараддуди кўрилади. Эртаси куни бошланадиган турмушнинг «йўл қоидалари» ҳақида эса очиқ гаплашилмайди.
Ёшларнинг оилага руҳий тайёрлиги, рўзғорни асраб қолувчи кўринмас устунлар ва бугунги ажримлар ортидаги асл илдизлар хусусида педагогика фанлари доктори, профессор Лобар Караханова билан суҳбатлашдик.
— Бугун ёшларнинг оила қуришга тайёрлигини кўпинча ёшнинг етгани, дипломи борлиги ёки тўй харажатлари йиғилгани билан ўлчаймиз. Шу ҳолатга нисбатан фикрингиз қандай?
— Ўн саккиз-йигирма ёшли йигит-қизлардан «Оила қуришга тайёрмисиз?» деб сўрасангиз, кўпчилиги «аввал ўқишимни тугатай», «уй-жой қилай» ёки «ота-онам айтса тайёрман» деб жавоб беради. Аммо «Оилада келишмовчилик чиқса, қандай йўл тутасиз?» деган саволга аниқ жавоб топадиганлар жуда кам. Шу ҳолатнинг ўзиёқ асосий муаммони очиб беради. Ёшлар оилани кўпроқ ташқи шароитга боғлайди. Уй, маблағ ва тўй билан тасаввур қилади. Унинг ички, руҳий юки эса сояда қолиб кетади.
Аслида оилага тайёрликнинг биринчи белгиси шахсий-психологик етуклик, яъни «мен»дан «биз»га ўта олишдир. Инсон ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олиши, жаҳл устида қарор чиқармаслиги, танқидни хотиржам қабул қилиб, муроса топа билиши керак. Ёши йигирма бешда бўла туриб ҳам ҳар бир масалада ота-онасининг оғзига қараб қолган йигит ёки қиз руҳан оилага тайёр эмас. Турмуш қурган инсон энди дам олиш кунини қаерда ўтказишдан тортиб, пулни нимага сарфлаш ва қайси ишни танлашгача фақат ўзини эмас, турмуш ўртоғи ва келажакдаги фарзандларини ўйлай бошлайди. Бунга шай бўлмаган ёш оилада ўзини эркинлигидан айрилгандай ҳис қилади.
Яна бир муҳим мезон реал қараш ва мулоқот маданиятидир. Оилани вақтинчалик тажриба эмас, бир умрлик масъулият деб англаган ёш «менга нима беришади?» деб эмас, «мен бу оилага нима бера оламан?» деган савол билан яшайди. У ижтимоий тармоқлар ёки сериаллардаги «идеал» оила образларига алданмайди. Амалиётда кўп кўрамиз. Аксарият ажримлар улкан фожиадан эмас, оддийгина гаплаша олмасликдан, турмуш ўртоғини эшитмаслик, фикрини ҳақоратсиз айта олмаслик ва икки оила билан мувозанатли муносабат қура билмасликдан бошланади.
Моддий тайёрликни ҳам кўпинча нотўғри тушунамиз. У дабдабали тўй қилиш имконияти эмас, аксинча, тўй учун олинган қарзлар ёш оиланинг илк йилларини оғирлаштириб, низоларга туртки бермоқда. Ҳақиқий иқтисодий-маиший тайёрлик касб-ҳунарга эга бўлиш, барқарор даромадга интилиш, рўзғор бюджетини тежаб-тергаб юритиш ва уй юмушларини эплай олишдир. Бу талаб фақат йигитга ёки фақат қизга эмас, иккисига ҳам бирдек тегишли. Шунингдек, ёшлар Оила кодексидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини, репродуктив саломатлик асосларини билиши, энг муҳими, фарзанд тарбиясига маънан ва амалан тайёр бўлиши шарт.
Халқимиз «Тўй — бир кунлик, турмуш — бир умрлик» деб бежиз айтмаган. Оилага тайёрлаш тўйдан бир ой олдин эмас, болаликдан бошланади. Ўз хонасини йиғиштирган, кичик бўлса-да мустақил қарор қабул қилган, хатосини тан олишга ва укаларига ғамхўрлик қилишга ўрганган бола эртага рўзғор юкини кўтара олади.
— Мустаҳкам оилаларнинг сири нимада? Кундалик ҳаётда оилани асраб қоладиган энг муҳим одат ва устунлар қайсилар?
— Мен оилани боғга ўхшатаман. Боғни бир марта экиб, унутиб қўйсангиз, қуриб қолади. Уни ҳар куни суғориш, бегона ўтлардан тозалаш, совуқдан асраш керак. Оила ҳам шундай. Меҳр, ширин сўз ва эътибор тўхтаб қолса, энг кучли туйғу ҳам вақт ўтиши билан сўниб боради.
Мустаҳкам оилаларда бир нечта муҳим одат кўзга ташланади. Аввало, эр-хотиннинг фарзанд тарбияси, келажак режалари ва ота-оналарга муносабат борасидаги қарашлари бир-бирига яқин бўлади. Улар кўнгилдаги гапни йиғиб юрмасдан, вақтида ва хотиржам гаплашади, рўзғор бюджетини биргаликда режалаштиради. Чунки пул масаласидаги яширинлик ишончни тез емиради. Катта авлоднинг оқилона маслаҳати ёш оила учун катта таянч, бироқ маслаҳат билан аралашув ўртасидаги чегарани билиш муҳим. Эр-хотиннинг ички муносабатларига ортиқча аралашув кўпинча фойда эмас, зиён келтиради.
Яна иккита оддий кўринган, лекин ҳал қилувчи омил бор. Кечира билиш ва биргаликда ўтказилган жонли вақт. Бир том остида яшаётган икки инсон ўртасида ноўрин сўз ёки хафагарчилик бўлмаслиги мумкин эмас. Мустаҳкам оилалар хато қилмайдиганлар эмас, балки аразни кун ботгунча кўнгилда сақламасдан, бир-бирини кечира оладиган оилалардир. Бугун кўп хонадонларда эр-хотин бир уйда ўтириб ҳам ҳар бири ўз телефони ва ташвиши билан банд. Ҳолбуки, бир дастурхон атрофида кун қандай ўтганини сўраш, байрамларни бирга нишонлаш, ҳафтада бир бор бирга сайрга чиқиш каби одатлар оила ришталарини ҳар куни янгилаб туради.
Буларнинг барчаси ўзаро ҳурмат, ишонч ва масъулиятга таянади. Биттаси дарз кетса, бутун бино қийшаяди. Ҳурмат баландпарвоз сўзларда эмас, оддий ҳаракатларда кўринади. Фарзандлар ёки қариндошлар олдида турмуш ўртоғини камситмаслик, фикрини сўраш, қилган меҳнатига раҳмат айтиш, унинг ота-онасини қадрлаш. Ишонч эса назорат ва телефон титкилаш билан эмас, очиқлик, ҳалоллик ва сўзда собитлик билан мустаҳкамланади. Бир марта синган ишончни тиклаш ниҳоятда қийин. Масъулиятни ҳам «эркак пул топади, аёл уйга қарайди» деган тор қолипга солиб бўлмайди. Фарзанд тарбияси, кекса ота-оналар ҳолидан хабар олиш, турмуш ўртоғининг соғлиғи ва кайфиятига эътибор икки томоннинг умумий вазифасидир. Масъулиятли инсон қийинчилик пайтида «кетиб қоламан» демайди, «бирга ечамиз» дейди.
Энг муҳими, ота-она ўртасидаги ана шу муносабат бола учун энг кучли тарбия мактабидир. Фарзанд оилавий ҳаёт қандай бўлишини китобдан эмас, ўз уйида кўриб ўрганади. «Қуш уясида кўрганини қилади» деган мақол айнан шу ҳақда.
— Сўнгги йилларда ёш оилаларнинг айнан турмушнинг дастлабки бир-уч йилида бузилиб кетиши кўп кузатилмоқда. Бунга нималар сабаб бўляпти ва бугунги жамиятда ажримларга муносабат қандай ўзгарди?
— Бир ҳақиқатни аниқ айтиш керак. Оила бир кунда бузилмайди. Ариза ёзилгунга қадар ойлаб, баъзан йиллаб айтилмаган гаплар, жавобсиз қолган саволлар ва тан олинмаган хатолар тўпланиб боради.
Ёш оилаларнинг тез дарз кетишига бир нечта омил устма-уст тушмоқда. Йигит-қиз бир-бирини тузук танимай шошилинч турмуш қуради. Ҳаёт эса уларнинг хаёлидагидек чиқмайди ва илк жиддий келишмовчиликдаёқ «бир-биримизга тўғри келмас эканмиз» деган хулосага келишади. Бунга иқтисодий-маиший босим қўшилади. Барқарор ишнинг йўқлиги, алоҳида уй-жой муаммоси, тўй қарзлари, меҳнат миграцияси туфайли эр-хотиннинг узоқ вақт айри яшаши оилавий ришталарни заифлаштиради. Оила ичида катталарнинг ортиқча аралашуви, келин ва қайнона ўртасидаги зиддиятлар, муаммони мулоқот билан эмас, жанжал билан ҳал қилиш одати ҳам вазиятни оғирлаштиради.
Бугун бу сафга рақамли муҳит таъсири ҳам қўшилди. Ижтимоий тармоқларда соатлаб ўтириш эр-хотиннинг бир-бирига эътиборини сусайтирмоқда. Бошқаларнинг экрандаги безатилган ҳаётини ўз турмуши билан солиштириш норозиликни, телефондаги ёзишмалар рашк ва ишончсизликни кучайтирмоқда. Онлайн қимор ва ставкаларга берилиш эса кўплаб оилалар бюджетини издан чиқариб, рўзғорни барбод қилмоқда.
Жамият онгидаги ўзгаришга келсак, илгари ажрим қаттиқ қораланган бўлса, бугун унга муносабат анча юмшаган. Аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги ва ҳуқуқий саводхонлиги ошган. Буни бир ёқлама салбий баҳолаб бўлмайди. Масалан, оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл учун ажрим кўпинча ўзини ва фарзандини ҳимоя қилишнинг ягона қонуний йўлидир. Демак, барча ажримни бир қолипда баҳолаш нотўғри. Бизни чинакамига ташвишлантириши керак бўлган ҳолат аслида сақлаб қолиш мумкин бўлган оилаларнинг енгил-елпи, «аччиқ устида» бузилиб кетишидир.
Ажримдан энг оғир зарбани эса болалар олади. Катталар ажрашади, аммо бола ота-онасидан ажрашмайди. У иккисини ҳам бирдек яхши кўради. «Ким ҳақ?» деган тортишув ўртасида қолган фарзанд ўзини айбдор ҳис қилади. Одамларга ишончи сўнади, улғайгач эса ўзи ҳам оила қуришдан чўчий бошлайди. Шунинг учун ажрим муқаррар бўлган тақдирда ҳам ота-оналар бола олдидаги масъулиятни унутмаслиги, унинг кўз ўнгида бир-бирини камситмаслиги жуда муҳим.
— Оилаларни суд остонасигача олиб бормаслик учун нималарни ўзгартириш зарур?
— Энг аввало, оилавий ҳаётга тайёрлашни таълим босқичидаёқ жонлантириш керак. Мактаб ва олий ўқув юртларидаги оила психологияси ҳамда оилавий ҳаёт этикаси машғулотларини қуруқ маърузадан чиқариб, ҳаётий вазиятлар ва амалий тренинглар асосида олиб бориш лозим.
Никоҳ олдидан ўтказиладиган тайёрлов машғулотлари ҳам расмиятчилик учун эмас, реал фойда учун ишлаши зарур. Уларга малакали психолог ва педагогларни жалб этиб, ёшларга мулоқот қилиш, низони босиқлик билан ечиш ва рўзғор бюджетини режалаштириш кўникмаларини амалда ўргатиш катта самара беради.
Маҳаллалардаги оилавий маслаҳат ва медиация хизматлари ҳам юзаки яраштириш билан эмас, муаммонинг асл илдизини аниқлаш билан шуғулланиши керак. Албатта, гап зўравонлик бор хонадонни мажбуран сақлаб қолиш ҳақида эмас, балки тушунмовчилик ёки тажрибасизлик сабаб жар ёқасига келиб қолган, ярашиш имконияти мавжуд оилаларга профессионал ёрдам кўрсатиш ҳақида кетмоқда.
Шу билан бирга, маънавий тарбия иқтисодий таянч билан уйғун бўлиши шарт. Ёш оилалар учун бандлик ва уй-жой имкониятларини кенгайтириш, дабдабали тўй ва исрофгарчиликка нисбатан жамиятда соғлом муносабатни шакллантириш муҳим. Ажрим сабабларини ҳудудлар кесимида чуқур ўрганиб, профилактика ишларини умумий қолипда эмас, айнан жойлардаги реал манзарага таяниб йўлга қўйиш зарур. Эътиборлиси, бугун бу санаб ўтилган жиҳатларга давлат томонидан бўладиган эътибор ортган.
Бир умрлик йўл саналган муқаддас оилага бир кунлик тўй тараддуди билан эмас, бир-бирини эшитиш, вақтида гаплашиш ва «мен»дан «биз»га ўтиш кўникмаси билан қадам қўйилгандагина айтилмаган гаплар йиғилиб суд залигача етиб бормайди.
ЎзА мухбири Ҳамроз Баёнов суҳбатлашди.