“Вақф” фонди икки оилага уй қуриб берди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Самарқанд вилояти вакиллиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган фуқаролар, беморлар ва ёлғиз нуронийларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Юртимизда ўзгалар ёрдамига муҳтож инсонларга кўмаклашиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилади, – дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон Мансуров. – Шу билан бирга турли жамоат ташкилотлари, жамғармалар, жумладан, бизнинг “Вақт” хайрия жамоат фонди ҳам ушбу фаолият билан шуғулланади. Биз асосан, вилоятимиздаги Шоҳи Зинда, Имом Мотуридий, Хўжа Дониёр, Руҳобод каби 15 та диний-маданий объектларимизга тушадиган маблағлар ҳамда саховатли кишиларнинг мурувват ёрдамлари асосида шаклланадиган пулларни эҳтиёжманд хонадонлар, ногиронлиги бўлганлар ва беморлар, боқувчисини йўқотган оилаларга хайрия сифатида сарфлаймиз. Биргина шу йилнинг ўзида фонд маблағлари ҳисобидан Иштихон ва Нуробод туманларида икки оилага янги хонадон қуриб берилди. 450 оилага зарур ёрдам кўрсатилди. 1000 га яқин етимлар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, фондга ёрдам сўраб мурожаат қилган 200 дан ортиқ юртдошларимизга 500 миллион сўм маблағ ажратилди. “Маҳалла ободлиги ва меҳр-саховат” ойлиги доирасида Қўшработ туманидаги 250 дан зиёд эҳтиёжманд оила фарзандларига мактаб формалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Яқинда халқаро бағрикенглик куни муносабати билан хайрия марафони ташкил этилиб, вилоятимиз ҳудудларидаги 420 дан зиёд эҳтиёжманд оилалар, етимлар, оғир беморлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ёлғиз яшаётган нуронийларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад фақат моддий ёрдам кўрсатиш эмас, балки инсонларнинг дардига қулоқ тутиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири