Янги Тошкент ва ҳудудларда йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилади
Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида Янги Тошкент ва Самарқандда йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун махсус ҳуқуқий режим ва имтиёзлар жорий этилди.
Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шаҳарсозлик ва туризм объектларини барпо этишда замонавий ечимлар ҳамда етакчи халқаро брендларни жалб қилиш мақсадида 2026 йил 10 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан пойтахт ва Самарқанд шаҳарларида инфратузилмага тушадиган юкламани оптималлаштириш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва узоқ муддатда ўзини қоплайдиган йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштиришга қаратилган қатор янги механизмлар йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, Фармонга мувофиқ Янги Тошкент шаҳри (19 720,9 гектар) ҳамда Самарқанд шаҳридаги «Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплекси (665,15 гектар) ҳудудларида қиймати 50 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган йирик лойиҳалар учун «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими жорий этилди. Ушбу режим баландлиги 200 метрдан ортиқ осмонўпар бинолар (Iconic Tower), нуфузли меҳмонхона мажмуалари, савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар тематик парклар, тиббиёт, таълим ҳамда маданият объектларини барпо этишни қамраб олади. Бунда савдо, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳалар учун етакчи халқаро брендларни жалб қилиш асосий шартлардан бири этиб белгиланди.
Инвесторлар учун «давлат — инвестициявий шерик» тамойили асосида мисли кўрилмаган солиқ ва божхона преференциялари тақдим этилмоқда. Жумладан, лойиҳа объектларини ижарага бериш ва сотишдан олинган фойда солиғи ставкаси инвестиция ҳажмига қараб 1 фоиз этиб белгиланди (50 млн доллардан ошса — 5 йил, 100 млн доллардан ошса — 10 йил, 500 млн доллардан ошса — 15 йил давомида). Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари 20 йил муддатга мол-мулк ва ер солиғидан, 2040 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига қайта инвестиция қилинадиган дивидендлар солиғидан ҳамда қурилиш даврида ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган техника, ускуна ва қурилиш материаллари учун божхона божларидан озод қилинади.
Бундан ташқари, хорижий давлатлардан жалб қилинадиган юқори малакали архитектор, лойиҳачи ва муҳандислар учун уч йилгача даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида ўрнатилиб, виза ва яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш йиғимлари бекор қилинди.
Шаҳарсозлик ва қурилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини ҳудудий кенгашлар билан келишиш тартиби бекор қилиниб, бу ваколат тегишли дирекцияларга ўтказилди.
Эндиликда ташаббускорларга халқаро стандартлар асосида «fast-track» услубида (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаш, харид қилиш ва қуриш) ҳамда 24/7 режимида қурилиш-монтаж ишларини олиб боришга рухсат берилди.
Ер участкалари эса «E-auksion» платформаси орқали очиқ аукцион ёки энг яхши таклифни танлаш («Swiss challenge») усулида ижарага берилиб, объект фойдаланишга топширилгач ерни хусусийлаштириш ёки 49 йилгача ижара ҳуқуқини қўшимча тўловларсиз расмийлаштириш кафолатланади. Экологик қурилишни рағбатлантириш доирасида эса объектларга «яшил» сертификат олиш харажатларининг 100 минг АҚШ долларигача бўлган қисми давлат ҳисобидан қоплаб берилади.
Фармон билан ҳудудда самарали бошқарувни йўлга қўйиш мақсадида Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тегишли тузилмалари ташкил этилди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режасига ўзгартириш киритилиб, вазирлик ва идораларнинг Янги Тошкентга кўчирилиши муносабати билан бўшайдиган эски бино-иншоотлари очиқ аукцион савдолари орқали хусусийлаштиришга чиқарилади.
Хорижий фуқаролар учун кўчмас мулк сотиб олиш орқали Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш бўйича талаб этиладиган инвестиция миқдорининг икки баробар камайтирилиши эса махсус ҳудудларда кўчмас мулк бозори ва туризм инфратузилмасининг жадал ривожланишига замин яратади.
2035 йил 1 январгача қурилишга рухсат берилган объектларга нисбатан амал қиладиган ушбу Фармон ва унда белгиланган қонунчилик кафолатлари (инвесторлар учун 10 йиллик барқарорлик шарти) мамлакатимизда замонавий мегаполис инфратузилмасини шакллантириш ва иқтисодиёт тармоқларида юқори мультипликатив ўсишни таъминлашга хизмат қилади.
ЎзА