Сирдарёда миграциядан қайтганлар бизнес бошлади, иш ўринлари яратди
Хорижда тажриба орттириб қайтган сирдарёлик ёшлар ўз Ватанида тадбиркорликни ривожлантирмоқда. Улар четда топган сармоя ва билимларини янги иш ўринлари яратишга йўналтириб, маҳаллий иқтисодиётга катта ҳисса қўшяпти.
Мирзаободлик Темурбек Исаевни тадбиркорликка қўл уриш истаги анчадан бери тарк этмасди. Бироқ, тажриба ва бошланғич сармоя етишмовчилиги унинг йўлига ғов бўлаётган эди. Илм ва сармоя излаб Россияга ишга борди. Паррандачилик корхонасига ишга жойлашди. Ушбу соҳа сирларини пухта ўрганиши баробарида бироз сармоя ҳам жамғарди. Уй ва оила соғинчи уни ҳеч тинч қўймасди. 10 йил давомида Россияда ишлаб топган пулига юртга келиб аукцион орқали ер сотиб олди ва оилавий паррандачилик фермасини очди. Ушбу мўъжаз мажмуасида 2500 бош паррандани йилига 6 мартагача алмашлаб боқишни йўлга қўйди. Оила аъзоларини ҳам иш билан таъминлади. Тадбиркор бир ойда ўртача 20-30 миллион сўм даромад кўрмоқда.
–Россиядан қайтиб, келиб, оилавий бизнесимизни йўлга қўйдик, – дейди тадбиркор Темурбек Исаев. – Келажакда яна фермамизни кенгайтириш ниятимиз бор. Ўзга юртдан кўра, ўз юртимда ишлаётганимдан хурсандман.
Бугун Сирдарё вилоятининг бошқа туманларида ҳам ана шундай ташаббускор ёшлар сафи кенгаймоқда. Муҳими, улар четдан малака орттириб, ўз юртида турли йўналишларда фаолият юритиб келмоқда. Ўзларидек ёшларни жалб этиб, янги иш ўринларини яратишмоқда. Жумладан, Сирдарё туманининг “Оқибат” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Нодир Муллаев Россия Федерациясига ишга бориб, автомобилларга хизмат кўрсатиш йўналишини бошлади. Ака-укалар бунинг учун сармояни хорижда тўплаб қайтдилар.
–2021 йил 3 нафар акам билан Россиянинг Красноярск ҳудудига ишга бордим, – дейди Н.Муллаев. – У ерда чорвачилик билан шуғулландик. Кетишимиздан олдин тил ўргангандик. Бу орқали имкониятимиз кенгайди ва яхши ишладик. Ватанга қайтиб имтиёзли кредит олиб, ўзим яшайдиган уй олдидан автомобилларга сервиз хизмат кўрсатиш шохобчасини очдим.
Шунингдек, ҳоким ёрдамчиси ҳам ўз ёрдамини аямади. Унинг кўмаги билан тадбиркор 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 4 та устахонани ишга туширди ва 6 нафар маҳалланинг ишсиз ёшларини иш билан таъминлади.
–Сирдарё туманида 2026 йилда миграциядан қайтганлар сони 3648 нафарни ташкил қилади ва улардан 2700 нафардан зиёди иш билан таъминланди, – дейди Сирдарё туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими раҳбари Нурали Мирзаев. – Шу жумладан “Оқибат” МФЙ ҳудудида 89 нафар фуқаро хориждан қайтди. Миграцияда 1000 доллардан кам маош оладиган фуқаролар билан гаплашиб, Ўзбекистонга қайтиш ва тадбиркорларга берилган имкониятларни тушунтирганимиздан сўнг, улар ўз тадбиркорликларини йўлга қўймоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, хориждан қайтган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орттирган тажрибаси ва малакасидан маҳаллий иқтисодиётда самарали фойдаланиш ҳам туман мутасаддиларига муҳим вазифа сифатида белгиланди. Зеро, хорижда меҳнат қилиб қайтган инсон — нафақат иш тажрибасига эга бўлади, балки янги касбий кўникмалар, замонавий иш услублари ва тадбиркорлик борасида муайян билимларни эгаллаган салоҳиятли кадр.
Айрим фуқаролар чет давлатда ишлаб тўплаган маблағлари асосида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган бўлса, бошқалари эгаллаган касби ва малакаси орқали юқори даромадли иш ўринларига жойлашмоқда. Сирдарё туманида яшовчи Алижон Абдуалимов хорижда ўқиб, ишлаб, малака ва билимга эга бўлди. Энди эса хориждаги билими ва тажрибаси асосида ўз бизнесини йўлга қўйди.
Жорий йил бошидан буён юртимизга 1 миллион нафардан зиёд киши қайтган. Уларнинг орасида хорижда ўқиган ёки саноат, қурилиш, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида тажриба орттирган мутахассислар бор.
Шу билан бирга, бугунги миграцияда юрган ёшларимизга давлатимизда бирор-бир ишни йўлга қўйишлари учун катта имкониятлар яратилган. Хориждаги муносиб меҳнат — маҳаллий меҳнат бозорида янги имконият, касбий тажриба, тадбиркорлик учун мустаҳкам пойдевор. Энг муҳими, инсонлар ўз уйида, оиласи бағрида. Зеро, фарзанд тарбияси ҳам келажакка қўйиладиган сармоянинг бир муҳим қисми.
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов,
Улуғбек Тўхтаев,
ЎзА