Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт тажрибаси Иордания академик доиралари эътиборида
Иорданиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Ол-албайт университетида университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва талабалар иштирокида ўтказилган учрашув, Амман шаҳри ҳокими Усома Абдулла Ҳошим билан мулоқот, шунингдек, мамлакатнинг таниқли нашриётларидан бири — «Хутут ва Зилол» жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувларда ФА Тарих институти директори, академик Азамат Зиё Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўли ва унинг тарихий асосларига алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, академик Азамат Зиё Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асарининг мазмун-моҳияти, ўзбек халқининг сўнгги 150 йил давомида бошидан кечирган мураккаб ва оғир тарихий босқичлари, уларнинг оқибатлари, давлатимиз раҳбарининг шахсий фазилатлари ва юксак етакчилик салоҳияти ҳақида атрофлича сўз юритди.
Шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг тарихий зарурати, сўнгги ўн йил ичида мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида, халқимиз турмушида юз берган кенг кўламли ижобий ўзгаришлар алоҳида таъкидланди.
Президентимиз илгари сураётган «Инсон эртага эмас, бугун яхши яшаши керак», «Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилиши лозим», «Инсон қадри барча нарсадан улуғ» каби ҳаётий тамойилларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг амалий натижаларига тўхталиб ўтилди.
Мулоқотларда таълим, илм-фан, маънавият, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва билим олишга бўлган интилишни рағбатлантириш масалаларига ҳам кенг ўрин берилди. Айниқса, Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё, Туркий дунё, араб ва ислом оламидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги тобора ортиб бораётган ўрни ҳамда ўзбек-урдун муносабатларининг истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Комилжон Раҳимов ўз чиқишида Марказий Осиё замини қадимдан жаҳон цивилизацияси, илм-фан ва маърифатнинг йирик марказларидан бири бўлиб келганини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимиз томонидан яратилган илмий кашфиёт ва асарлар инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган.
Шунингдек, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом Бухорий, Имом Абу Исо Термизий, Имом Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ алломаларимизнинг ислом илмлари ривожига қўшган улкан ҳиссаси туфайли юртимиз асрлар давомида ислом илм-фани ва маданиятининг энг муҳим марказларидан бирига айлангани алоҳида эътироф этилди.
Янги Ўзбекистонда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу жараён оддий соҳавий ислоҳотлар доирасидан чиқиб, мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегияси ва фалсафасига айлангани таъкидланди.
Инсон капиталига йўналтирилаётган инвестициялар, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган кенг имкониятлар, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳон миқёсида ҳам илмий кашфиётлар ва инновацион технологиялар марказларидан бирига айланиши учун мустаҳкам замин яратаётгани қайд этилди.
Учрашувлар давомида сўзга чиққан иорданиялик олимлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва тарихий ўзгаришлар уларда катта таассурот қолдираётганини таъкидладилар.
Иорданиялик ҳамкорлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахси, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатида қисқа тарихий давр мобайнида эришган натижалари, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини катта қизиқиш билан кузатиб бораётганликларини билдириб, уларга юксак баҳо бердилар.
Умуман, Иорданиядаги мазкур учрашув ва мулоқотлар Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўли, бой тарихий-маданий мероси, илмий салоҳияти ва халқаро майдондаги фаол позициясини хорижий академик ва экспертлар ҳамжамиятига кенг танитиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Н.Усмонова,
ЎзА