Миллий мусиқашуносликка бағишланган умр
Устоз ижодкор Отаназар Матёқубов миллий мақом санъатимизнинг, умуман мусиқа дунёсининг билимдони, заҳматкашларидан бири саналади. Ўзбекистон давлат консерваториясида профессор, санъатшунослик фанлари номзоди Отаназар Матёқубовнинг 80 йиллик таваллуд санасига бағишланган илмий-ижодий учрашув ташкил этилди. Мазкур тадбир консерваторияда устозлар юбилейларига бағишлаб ўтказилаётган «Илм ва ижод уйғунлиги» халқаро илмий-ижодий анжуманлар фестивали доирасида бўлиб ўтди.
Анжуманнинг асосий эътибори олимнинг миллий мусиқа маданиятини ўрганиш ва тарғиб этиш йўлидаги кўп йиллик фаолияти, илмий кашфиётлари ҳамда шогирдлар тарбиясига қўшган ҳиссасига қаратилди.
Учрашувни консерваториянинг ўқув ишлари бўйича проректори Фарҳод Абдуллаев очиб, Отаназар Матёқубовнинг ўзбек мусиқа санъати тарихидаги ўрни ҳақида сўз юритди. Устознинг мақом санъати, мусиқа назарияси ва миллий мусиқа таълимини ривожлантириш борасидаги хизматлари, шунингдек, бир неча авлод мутахассисларининг камол топишига қўшган ҳиссаси эътироф этилди. Тадбир якунида Консерватория раҳбарияти номидан олимга эсдалик совғалари тақдим қилинди.


Санъат намояндалари, мусиқашунослар ва соҳа вакиллари профессорнинг илмий фаолиятига оид маърузалар билан қатнашди. Суҳбатлар давомида унинг мақомшунослик, Шарқ мусиқа назарияси ва анъанавий ижрочилик меросини тадқиқ этишдаги изланишлари, илмий асарларининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.
Отаназар Матёқубов 1946 йилда туғилган. Унинг номи, аввало, ўзбек мақом санъати ва Шарқ мусиқа назариясини илмий жиҳатдан ўрганиш билан боғлиқ. Олимнинг ярим асрдан ортиқ меҳнат фаолияти Ўзбекистон давлат консерваториясида кечган бўлиб, бу даврда у илмий тадқиқотлар билан бир қаторда педагогик фаолиятни ҳам олиб борди.
Унинг илмий изланишлари натижасида 200 га яқин мақола республика ва хорижий нашрларда чоп этилди. «Оғзаки анъанадаги профессионал музика асосларига кириш» (1983), «Фараби об основах музыки Востока» (1987), «Мақомот» (2004), «Додекаграмма» (2005), «Бухоро Шашмақомига яна бир назар» (2012) каби китоблари мусиқашунослик соҳасида муҳим тадқиқотлар сифатида эътироф этилади.

Олимнинг икки жилддан иборат «Узбекская классическая музыка» (2015) асари ҳамда Хоразм мусиқа меросини ўрганишга бағишланган «Хоразм танбур чизиғи» (Р. Болтаева ва Ҳ. Аминов билан ҳаммуаллифликда, 2010), «Хоразм дутор мақомлари ва олти ярим мақоми», «Истоки и принцип Хорезмской танбурной нотации» (2018) каби китоблари ҳам унинг кўп қиррали илмий фаолиятидан далолат беради.
Отаназар Матёқубовнинг тадқиқотлари мамлакатимиз доирасидан ташқарида ҳам қизиқиш уйғотган. Америкалик этномузиқашунос Теодор Левин билан ҳамкорликда яратилган «The Hundred Thousand Fools of God. Musical Travels in Central Asia» (Нью-Йорк, 1996) ва «Besedi s Ilyasom» (Нью-Йорк, 2009) китоблари олимнинг халқаро илмий ҳамкорликдаги ишлари сирасига киради.
Унинг миллий маданият ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси турли йилларда давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан эътироф этилган. 2022 йилда «Меҳнат фахрийси» I даражали кўкрак нишони билан мукофотланган олим жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ «Меҳнат шуҳрати» орденига ҳам сазовор бўлди.
Консерваторияда ўтказилган ушбу анжуман нафақат устознинг ҳаёт йўли ва илмий меросини ёдга олиш, балки унинг тадқиқотлари, қарашлари ва тажрибасини янги авлод мусиқашуносларига етказиш учун ҳам муҳим мулоқот майдони бўлди. Зеро, миллий мусиқа тарихини ўрганиш ва унинг бой анъаналарини келажак авлодга етказишда Отаназар Матёқубов каби фидойи олимларнинг меҳнати алоҳида аҳамиятга эга.
Н.Усмонова,
ЎзА