Туркий халқларнинг бой фольклор мероси таҳлил этилди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида «Туркий халқлар фольклорини қиёсий ўрганиш масалалари» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Озарбайжон Миллий Фанлар академиясининг Фольклор институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференциянинг асосий мақсади туркий халқлар фольклорининг муштарак ва ўзига хос хусусиятларини тарихий-қиёсий, тарихий-генетик ҳамда типологик жиҳатдан ўрганиш, фольклор анъаналарининг ўзаро таъсирини таҳлил қилиш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлди.

Анжуман доирасида туркий халқлар фольклорининг жанрлари, сюжетлари, мотив ва образлари, мифологик тафаккури, маросим анъаналари, эпик ижоди ҳамда фольклорнинг замонавий трансформацияларига бағишланган илмий маърузалар тингланди.
Конференцияда фольклоршунослар, туркологлар, этнографлар, адабиётшунослар, тилшунослар, профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва мустақил тадқиқотчилар иштирок этдилар.
Халқаро илмий анжуман туркий халқларнинг асрлар давомида шаклланган бой маънавий меросини чуқурроқ англаш ва илмий жиҳатдан тадқиқ этиш учун муҳим илмий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Тадбир давомида туркий халқлар фольклоридаги муштарак илдизлар, умумий қадриятлар ва миллий ўзига хосликлар қиёсий таҳлил қилинди. Бу эса халқлар ўртасидаги тарихий ва маданий муштаракликни янада кенгроқ ёритиш имконини берди. Шунингдек, конференция олимлар ўртасида тажриба алмашиш, янги илмий қарашлар ва истиқболли тадқиқот йўналишларини белгилашга хизмат қилди.

Илмий мулоқотлар давомида фольклор намуналарини замонавий тадқиқот методлари асосида ўрганиш, уларни тўплаш, сақлаш ва келажак авлодга етказиш масалалари юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ушбу илмий таклифлар, фикр-мулоҳазалар ва тадқиқот натижалари туркий халқлар фольклоршунослиги ривожи учун муҳим аҳамият касб этди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур халқаро конференция туркий халқлар ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий тарихий меросни чуқур ўрганиш ҳамда фольклоршунослик соҳасидаги янги тадқиқотларга йўл очишда муҳим қадам бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА