Тошкентда халқаро туризм ярмаркаси ва инвестиция форуми ўтказилади
25–27 ноябрь кунлари Тошкентдаги CAEx кўргазмалар мажмуасида “Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтади . Жорий йилги ярмарка доирасида туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми ҳам ташкил этилади.
Ўн минг квадрат метр майдонни эгаллайдиган кўргазмада 30 дан ортиқ мамлакат компаниялари иштирок этиши ва 15 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда. Инвестиция форумида эса 20 дан ортиқ давлат вакиллари, 100 дан зиёд йирик инвестор ҳамда 200 дан ортиқ хорижий меҳмон қатнашиши режалаштирилган.
Форум давомида меҳмонхона ва курортлар, янги туристик ҳудудлар, транспорт-логистика инфратузилмаси ҳамда меҳмондўстлик соҳасига замонавий технологияларни жорий этишга оид лойиҳалар муҳокама қилинади. Шунингдек, ҳудудларнинг инвестициявий салоҳияти тақдим этилиб, соҳага сармоя жалб қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ярмарка дастуридан авиация, туризм таълими, ишбилармонлик туризми ва медиа соҳаларига оид форумлар, халқаро конференция ҳамда B2B форматдаги бизнес учрашувлар ўрин олган. Бундан ташқари, тадбир доирасида гастрономия фестивали, анъанавий ўйинлар, ҳунармандчилик ва сувенирлар кўргазмаси, шунингдек, “Silk Road Tourism Awards” мукофотини топшириш маросими ўтказилади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА