Янги Ўзбекистонда тил сиёсати
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Кенгашли тўй тарқамас
Бу нақл замиридаги ҳикматни яхши биламиз. Халқимиз тўйни яхши кўради. Тарихга назар солсак, азалдан тўй қиладиган уй соҳиби уни кўнгилдагидек ўтказиш учун маслаҳат оши уюштирган. Кимдир меҳмон кутишга, яна биров дастурхон тузашга, қўл-оёғи чаққон йигитлар таом ташишга, аёллар эса идиш-товоқ ювишга чорланган. Югур-югурни дўндирганлар туфайли тўй тўс-тўполонсиз, эсда қоларли ўтган.
Буни бежиз келтирмадик. Халқимиз ҳаётидаги бирдамлик, баҳамжиҳатлик, жамоавийлик қадриятининг давлат миқёсида, ижтимоий-сиёсий жараёнда кенг жорий этилаётгани улкан самара бермоқда. Бунинг она тилимизни такомиллаштириш жараёнида қўлланаётгани барчамизни хурсанд қилади.
Она тилимизга нисбатан яқин-яқингача кузатилган беписандлик муносабатларига барҳам бериш мақсадида барча вазирлик, агентлик, қўмита, маҳаллий ҳокимият органларида давлат тили бўйича раҳбар маслаҳатчиси лавозимининг жорий этилиши айни муддао бўлди. Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб лавозим доираси кенгайтирилиб, раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди ва бунга ҳар томонлама муносиб кадрлар танланиб, тайинланмоқда. Ўтган йиллар мобайнида она тилининг мавқеини ошириш билан боғлиқ озми-кўпми тажриба тўпланиши ушбу лавозимда фаолиятини давом эттираётган мутахассисларни янгича талаб билан ишлашга ундамоқда. Энг муҳими, бу ташаббус ўз самарасини ҳам бера бошлади.
– Темир йўл соҳаси нафақат транспорт тизими, балки турли ҳудудлар, давлатлар ва иқтисодий маконларни ўзаро боғлаб турувчи мураккаб техник-инфратузилмавий мажмуа ҳисобланади, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раисининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳулкар Ҳотамбоева. – Ўзбекистон темир йўллари тизими тарихан Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро темир йўл тизимлари билан узвий боғлангани сабабли, яқин йилларгача рус тилидаги техник ҳужжатлар, қўлланмалар, стандартлар, атама ва йўриқномалар кенг қўлланиларди. 2019 йилга қадар темир йўл соҳасида давлат тили тўлиқ ва тизимли жорий этилмаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ҳолатни фақат нафақат тил сиёсати нуқтаи назаридан, балки соҳанинг техник ва технологик хусусиятларидан келиб чиқиб ҳам баҳолаш зарур. Чунки темир йўл транспортида ҳар бир атама, кўрсатма, техник йўриқнома ёки хавфсизлик талаби аниқликни тақозо этади.
Ҳужжатларнинг бир тилдан бошқасига шунчаки таржима қилиниши эмас, балки улардаги касбий ва техник мазмуннинг тўлиқ сақланиши, ягона терминологик ёндашувнинг шакллантирилиши талаб этилади. Бундан ташқари, темир йўл тизимининг халқаро транспорт коридоридаги ўрни, қўшни давлатлар маъмуриятлари билан ҳамкорлик, чегаралараро қатнов, халқаро техник талаб ва соҳавий ҳужжатларнинг ўзаро уйғунлиги давлат тилини жорий этишда жиддий қийинчилик туғдиради.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги арафасида яъни 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши билан темир йўл соҳасида ҳам тил ислоҳотлари янги босқичга чиқди. Аввало, темир йўл объектларидаги кўргазмали ахборот воситалари ҳам навбат билан ягона тил сиёсати асосида тартибга келтирилди.
Станция ва вокзаллардаги пешлавҳалар, йўналтирувчи ёзувлар, эвакуация жадваллари, хариталар, йўл чипталари, шиор ва баннерлар, поезд ёзувлари, реклама ва эълонларнинг давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси асосида тўғри ёзилиши таъминланди. Буни 700 дан ортиқ турли мазмундаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат тили талабларига мувофиқлаштирилгани ҳам кўрсатиб турибди. Бу оддий таржима жараёни эмас, балки катта тизимдаги ҳужжатларни ҳуқуқий, услубий ва терминологик жиҳатдан қайта кўриб чиқишни тақозо этган кенг қамровли ислоҳотдир.
Давр зарурати
Статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида 69 та асосий тил ўз расмий мақомига эга бўлиб, ўзбек тили ҳам бу рўйхатда бор. Она тилимизнинг нафақат мамлакат ичида, балки халқаро доирада оммалашиши ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлайди. Янги Ўзбекистоннинг дунёдаги кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан очиқ, прагматик ҳамда фаол ҳамкорлик ўрнатаётгани унинг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Ана шу жараённи яна ҳам ривожлантириш учун амалда фойдаланиб келинаётган лотин имлосидаги ўзбек алифбосига ўзгартириш киритилишини даврнинг ўзи тақозо этди.
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунни сенаторлар бир овоздан маъқуллади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан ташкил топишини назарда тутувчи тегишли ўзгартириш киритиладиган бўлди. Бунинг зарурати нимада эди, деган савол туғилиши табиий.
Биз техник имкониятлар кенгайган асрга қадам қўйдик. Рақамлаштириш жараёни тобора такомиллашиб, кенгайиб бораётган замонда янги яхлит ҳарфларнинг жорий этилиши компьютер лингвистикаси билан шуғулланувчи мутахассислар учун миллий клавиатура матни, нутққа айланувчи сунъий интеллект моделларини яратишда анча енгиллик яратади. Янги алифбо халқаро ISO (Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот) талаб ва меъёрларига ҳам тўлиқ мос келади. Ўз навбатида лотин ёзувидан фойдаланувчи туркий тилли давлатлар билан алифбовий яқинлик юзага келиб, маданий, илмий ва иқтисодий алоқаларни янада кучайтириш мумкин бўлади. Китоб алмашуви ва таржима санъатидаги мураккабликлар бартараф этилади.
Ҳиндистонлик зиёли ўзбек тилида гаплашади
Дарҳақиқат, бошқа тил вакилининг ўзбек тилида равон, бехато сўзлаганини кўрганмисиз? Тўғри, уларнинг талаффузида соф ўзбекона оҳанг сезилмаслиги мумкин. Лекин ихлос ва иштиёқ билан она тилимизни ўрганаётгани учун уларга тасанно дейишимиз керак.
Ҳиндистонлик Афзал Маҳбуб ўзбек тилида эмин-эркин гаплаша оладиган ана шундай замондошларимиздан бири. У Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида истиқомат қилади. Бир неча йиллардан бери тиббиёт туризми билан шуғулланиб келаётган ёш мутахассиснинг ўзбек тилини ўзлаштиргани кўпчилик юртдошларимиз учун манфаатли бўлмоқда. Аҳоли ўртасида учрайдиган жигар циррози, юрак ва буйрак етишмовчилиги, саратон касалликларини даволаш бўйича Ҳиндистон илғор давлатлар қаторига киради. Айнан шу хасталикларга чалинган аксарият юртдошларимиз тиббиёт сайёҳлиги фирмаларига мурожаат қилиш орқали ўз мушкулларига ечим топмоқда. Афзал Маҳбуб худди шундай тиббий сайёҳлик фирмасини бошқариб келади.
– Ўзбекистон ҳақида кўп эшитардим. Аслида, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний яшаб ўтган она заминга қизиқмаслик мумкин эмас, — дейди у. — Уларнинг таълимотини чуқурроқ ўрганиш мақсадида Деҳли шаҳридаги Жамиа Миллиа Исломия университетида ўзбек тили сабоқларини олдим. Менга бир йил етарли бўлди. Агар инсон астойдил ният қилса, бунинг учун қатъий курашса, мақсадига эришади. Ҳозир менга ўзбек тилида гаплашиш жуда осон. Ҳиндистон тиббиёт клиникаларини қидираётган беморларга ишончли манзилни топишда кўмаклашаман. Ўзбекистондан келаётган беморлар бизнинг тилимизни билишмайди, ҳинд шифокорлари эса ўзбекчадан бехабар. Иккала томон учун таржимонлик қилишнинг савоби катта. Мен эса бемор билан шифокор ўртасидаги мулоқот учун “кўприк” вазифасини ўтаётганимдан доим хурсанд бўламан.
Аслида, бугун дунё бўйлаб она тилимизни ўрганаётган бу каби минглаб инсонларни учратиш мумкин. Мамлакатимизда амалга оширилаётган она тилимиз ривожи йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар машаққатли бўлиши мумкин, лекин натижаси юқори бўлиши, шубҳасиз. Бунинг учун фақат масъуллар эмас, барчамиз бу масалада собит туришимиз даркор. Зеро, биргаликда, бир ёқадан бош чиқаргандек, қатъият билан ҳарақат қилсаккина, она тилимиз гуллаб-яшнайди, ривожланади, мақоми янада кучаяди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
ЎзА