Бизнесни рўйхатга олиш – мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳақиқий манзарасини чизиб берувчи ўзига хос кўзгу
Иқтисодиётнинг нафаси ва унинг жонли томирларини ҳис этиш, ҳар бир кичик корхонадан тортиб йирик ишлаб чиқариш мажмуаларигача бўлган жараёнларни чуқур англаш давлат тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади. Шу маънода, жамиятимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида илк бор ўтказилаётган бизнесни рўйхатга олиш тадбири мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида чинакам тарихий воқеликка айланмоқда. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари аллақачон ўз иқтисодий салоҳиятини аниқ ҳисоб-китоб қилишда шундай амалиётлардан фойдаланиб келаётган бир пайтда, Ўзбекистон ҳам ўз тараққиётининг янги, янада шаффоф ва илмий асосланган босқичига қадам қўймоқда.
Хўш, бу жараён нимаси билан аҳамиятли ва у нимага керак?
Бизнесни рўйхатга олиш мамлакат иқтисодиётининг ҳақиқий манзарасини чизиб берувчи ўзига хос кўзгу. Мазкур тадбир орқали қайси ҳудудда қандай турдаги тадбиркорлик фаолияти ривожланаётгани, иш ўринлари қай даражада яратилаётгани, қайси тармоқларга кўмак ёки инвестиция зарурлиги аниқ кўринади. Бу эса тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш борасидаги стратегик режаларни пухта тузишга катта хизмат қилади.
Мамлакатимиз тарихида бундай йирик миқёсдаги умуммиллий тадбир илк маротаба ташкил этилаётгани бежиз эмас, чунки бугунги кунда юртимизда бозор муносабатларининг шиддат билан ривожланиши, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши муттасил ошиб бориши иқтисодиётни ҳисобга олиш тизимини ҳам замон талабларига мослаштиришни тақозо этмоқда. Илгари фақат мавжуд статистик ҳисоботлар ёки маъмурий маълумотлар билан чекланиб келинган бўлса, бугунги шиддатли замонда ҳар бир тадбиркорнинг оғир-енгилини ҳис қилиш, уларнинг реал ҳолатини ўрганиш учун тўғридан-тўғри манбаларга эҳтиёж сезилди. Янги Ўзбекистонда очиқлик, шаффофлик ва халқ манфаатларини таъминлаш бош мезон сифатида белгиланган бир пайтда, бизнес кўламини аниқ баҳолайдиган яхлит маълумотлар базасини яратиш тарихий зарурат сифатида майдонга чиқди.

Дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, бизнесни рўйхатга олиш амалиётининг илк кўринишлари 200 йилдан ортиқ тарихга эга эканини кўрамиз. Дастлаб, XIX аср бошларида, аниқроғи 1810 йилда АҚШда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида илк бор саноат корхоналари ва улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳақида бошланғич статистик маълумотлар тўпланган бўлса, вақт ўтиши билан бу жараённинг нақадар муҳимлиги кўринди. Натижада 1905 йилга келиб АҚШда саноат корхоналарини рўйхатга олиш аҳолини рўйхатга олишдан қатъи назар, бутунлай мустақил статистик тадбир сифатида ўтказила бошланди. Вақт ўтиши билан бу илғор тажриба бошқа қитъаларга ҳам тарқалиб, Мексикада 1930 йилда, Ҳиндистонда 1977 йилда, Индонезияда эса 1986 йилда шу каби иқтисодий рўйхатга олишлар йўлга қўйилди. Айниқса, Хитойда 2004 йилда ва Японияда 2009 йилда ўтказилган умуммиллий иқтисодий рўйхатга олишлар замонавий дунёда иқтисодиётни бошқаришда аниқ статистик базанинг ўрни ғоят катта эканини яна бир бор исботлади.
Мана шундай бой глобал тажрибадан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар Ўзбекистонда ҳам илк бор бизнесни рўйхатга олиш тадбири кенг кўламда амалга оширилмоқда. Мазкур жараён мамлакатимиз статистик регистрларини тубдан янгилаш, иқтисодиётнинг чинакам кўламини холис баҳолаш ҳамда келгусидаги барча статистик кузатувлар учун мустаҳкам ва ишончли маълумотлар базасини шакллантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир тадбиркорнинг фаолияти, унинг эҳтиёжлари ва муаммоларини чуқур ҳис этган ҳолда олиб бориладиган бундай саъй-ҳаракатлар келгусида ҳар бир инсоннинг турмуш фаровонлигига, юртимиз иқтисодиётининг янада ривожланишига ҳисса қўшади.

– Бугунги кунда юртимизда минглаб корхоналар, тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар турли соҳаларда фаолият юритиб, иқтисодиёт ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Иқтисодиётни тўғри баҳолаш ва келгусида уни янада ривожлантириш бўйича самарали қарорлар қабул қилиш учун ушбу фаолиятлар ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумотлар бўлиши зарур. Бизнесни рўйхатга олишнинг асосий мақсади ҳам мамлакатимизда амалда қанча иқтисодий бирлик фаолият юритаётгани, қайси соҳаларда ишлаётгани, қанча фуқарони иш билан таъминлаётгани ва иқтисодиётга қандай ҳисса қўшаётганини аниқлашдан иборат, – дейди Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари З.Зияев. – Рўйхатга олиш жараёнида йирик, ўрта ва кичик корхоналар, микрофирмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хорижий корхоналарнинг мамлакатимиздаги доимий муассасалари ва ваколатхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, оилавий тадбиркорлар, ҳунармандлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар қамраб олинади. Шунингдек, расмий рўйхатдан ўтмасдан иқтисодий фаолият юритаётган шахслар фаолияти ҳам ўрганилади.
Мутасаддининг таъкидлашича, жараён давомида иқтисодий бирликларнинг амалдаги фаолият манзили, асосий ва қўшимча фаолият турлари, иш билан банд бўлганлар сони, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар va кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек, интернет ва электрон савдодан фойдаланиш, экспорт-импорт фаолияти ҳамда бошқа муҳим иқтисодий кўрсаткичлар йиғилади. Тадбир асосан юзма-юз суҳбат шаклида ўтказилиб, махсус тайёргарликдан ўтган рўйхатга олувчи ходимлар планшет қурилмалари орқали электрон саволномаларни тўлдиради. Бозорлар, савдо мажмуаларида статистика органлари ходимлари, маҳаллаларда эса ҳоким ёрдамчилари жалб этилади. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун census.stat.uz ахборот тизими орқали мустақил равишда онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти ҳам яратилган.

– Бизнесни рўйхатга олиш келажакдаги тараққиётимизнинг муҳим пойдеворидир. Мамлакатимизда ўтказилаётган ушбу умуммиллий тадбирда юртимизда фаолият олиб бораётган барча тадбиркорлик субъектлари ҳақида тўлиқ, аниқ ва ишончли маълумотлар шакллантирилади, – дейди “Ёдгорлик“ ҳунармандчилик фабрикаси раҳбари Луизахон Камолова. – Корхона раҳбари сифатида айтишим мумкинки, бизнесимиз ҳақидаги ҳар бир рақам ва кўрсаткич эртага мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини янада юксалтиришда жуда катта аҳамият касб этади. Шу боис, барча тадбиркорларни бу жараёнда фаол қатнашишга ва ўз фаолиятлари ҳақида тўғри маълумотларни тақдим этишга чақираман.
Дарвоқе, тадбиркорлар ва фуқароларнинг тўғри тушунишлари керак бўлган жиҳат борки, бизнесни рўйхатга олиш — бу текширув, назорат ёки жарима қўллашга қаратилган тадбир эмас. Тўпланган маълумотларнинг махфийлиги қонунчилик билан кафолатланган бўлиб, улар фақат расмий статистик кўрсаткичларни шакллантиришда умумлаштирилган ҳолда фойдаланилади.
Шундай экан, мамлакатимзда амалга оширилаётган ушбу кенг кўламли тадбирда фаол иштирок этиш, фафат ва фақат эзгуликка хизмат қилади, юртимиз тараққиётига ва келажак стратегиясини белгилаб олишга муҳим роль ўйнайди.

Маълумот учун, ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги “Статистикани ривожлантириш - 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги“ фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар юртимиз бўйлаб ўтказилмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА