Ўзбек тили байрами Навоий ҳузуридан бошланди
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида Ўзбек тили байрами муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, вилоятдаги миллий маданият марказлари раҳбарлари, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари, талабалар иштирок этди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Темиров, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Фармон Тошев тадбир қатнашчиларини ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 37 йиллиги билан табриклади. Мамлакатимизда давлат тилининг нуфузини ошириш, таълим муассасаларида ўзбек тилини ўқитиш борасида олиб борилаётган ишлар, она тилимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш жараёнларига эътибор қаратилди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тили ва маданияти институти профессори, филология фанлари доктори Азамат Пардаев ўзбек тилининг дунё тиллари орасида тутган ўрни, она тилимизнинг луғат бойлиги ва жозибадорлиги ҳақида сўз юритди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ижодкорлар, талабалар, турли миллатга мансуб ёшлар ўзбек тили ҳақида шеърлар ўқиди, ўз фикрларини билдирди.
– Мен Эрон Ислом Республикаси фуқаросиман ва 2021 йилдан буён оиламиз билан Самарқанд шаҳрида яшаймиз, – дейди Мастоне Ҳусайний. – Болалигимдан турли тилларни, жумладан, ўзбек тилини ўрганишга қизиққанман ва бугун бу тилда эркин сўзлаша оламан. Мактаб давриданоқ бу тилдаги асарларни ўқиганман ва шунинг учун бу йил Самарқанд давлат чет тиллар институтига ўқишга кирдим. Ўзбек тили жуда чиройли ва луғат таркиби бой тил.
Тадбирда боғ марказидаги ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, ижодий уюшмалар ва таълим муассасалари томонидан гуллар қўйилди.
Ўзбек тили байрами муносабати билан вилоятдаги таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маданият масканларида илмий-маърифий учрашувлар, анжуман ва давра суҳбатлари, кўргазмалар ташкил этилди. Вилоят мусиқали драма театрида концерт дастури намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари