Янги Ўзбекистон зиёлилари мулоқоти
Самарқанд давлат техника университетида Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ҳудудий йиғилишининг ялпи мажлиси ўтказилди.
“Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” шиори остида ташкил этилган тадбирда пойтахтдан келган ва самарқандлик илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, таниқли ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳ.Тўхтаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Аслонов ва бошқалар мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган зиёлиларнинг мазкур мулоқоти дунёда юз бераётган маданий, сиёсий ва технологик ўзгаришлар, шунингдек, қадриятлар трансформацияси шароитида миллий ўзликни сақлаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, Янги Ўзбекистонни қуриш ва Миллий юксалиш даври сари дадил қадам ташлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
– Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантаналарда давлатимиз раҳбари томонидан кейинги ўн йиллик мамлакатимизда миллий юксалиш даври бўлиши алоҳида қайд этилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла Аслонов. – Бу даврда амалга ошириладиган етти миллий дастур белгилаб берилди. Эндиликда барчамиз ҳамжиҳатликда бу улкан тарихий мақсадни рўёбга чиқариш, илмий-интеллектуал ва ижодий салоҳиятни ягона эзгу ғоя атрофида бирлаштиришимиз лозим. Шу нуқтаи назардан, жамиятнинг илғор, фаол қатлами бўлган зиёлиларга миллий юксалишнинг таянчи сифатида қаралиб, бундай кенгашнинг ташкил этилаётгани айни пайтда жуда муҳим ва зарурдир.
Анжуман шуъба йиғилишларида миллий ўзликни асраш, ёшлар тарбияси, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, ўзбек тили ва адабиётини юксалтириш, рақамли тараққиёт, маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-32457]
Шунингдек, мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, глобаллашув шароитида ёш авлоднинг мафкуравий ва рақамли иммунитетини шакллантириш, ахборот маконида соғлом муҳитни қарор топтиришнинг таъсирчан механизмларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Оила, маҳалла ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат ва замонавий дунёқарашни уйғун шакллантириш масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Зиёлилар мулоқоти давомида муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиб, ҳудуднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда миллий юксалишга хизмат қилувчи амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари