Ватанпарвар инсон Давлат байроғидан фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилади
Яқинда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинганига 35 йил бўлади.
Бу муқаддас рамз халқимизнинг мустақиллиги, шон-шарафи ва тарихий хотирасини ўзида мужассам этиб, юртимиз тинчлиги ҳамда буюк келажагини дунёга кўрсатиб туради. Бу муқаддас рамз БМТ пештоқидан тортиб, халқаро майдонлар, спорт мусобақаларида ҳилпираб, қалбимизда чексиз фахр уйғотади.
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, илгариги «Янги ой ва юлдузларнинг» деган сўзлар «Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилди. Бу байроғимиз тасвири ва маъносини янада аниқлаштирди. Ҳилол (янги ой) — қўлга киритилган мустақиллигимизни билдиради.
Ўн икки юлдуз — халқимизнинг комилликка интилиши, тинчлик ва саодат йўлини танлаганини англатади.
— Байроғимизни қаерда ва қандай ўрнатиш кераклиги қонун билан қатъий белгиланган, —дейди Миробод тумани халқ депутатлари кенгаши депутати, маърифат тарғиботчиси Феруза Муҳиддинова. — Энг аввал бино ташқарисида байроқ дастаси бино фасади билан 45 градусдан ортиқ бўлмаган бурчакни ташкил қилиши ва унинг пастки қисми ердан камида 2,5 метр баландда туриши керак. Хоналарда ва раҳбар кабинетларида байроқ раис ёки раҳбар столининг орқасида ёхуд ўнг томонида, барчага кўриниб турадиган ҳолатда жойлашиши, яъни полга тегиб турмаслиги керак.
Бошқа байроқлар билан бирга яъни, агар бирор жойда бошқа давлат ёки ташкилот байроқлари билан бирга қўйилса, Ўзбекистон байроғи доимо устувор — марказда ёки ўнг томонда (қараб турганда чапда) бўлиши лозим.
Шунингдек, деворга вертикал (тик) осилганда эса, ҳилол ва юлдузлар юқори ўнг бурчакда бўлиши, пастки қисми эса ердан камида 30 сантиметр баландда туриши шарт. Қонунга кўра, байроқнинг эни ва узунлиги доимо 1:2 нисбатда бўлиши шартлиги белгиланган.
Байроққа нисбатан бепарволик ёки ҳурматсизлик қилиш қонунан тақиқланади. Хусусан, байроқни тескари осиш ёки кўркини бузадиган ҳолатда ишлатиш, йиртилган, кир, тешилган ёки ранги ўчган байроқлардан фойдаланиш, уни стол, стул ёки ўриндиқларга тўшаш, устки ёпинғич сифатида ишлатиш ёхуд устига бирор буюм қўйиш қатъиян ман этилади. Шунингдек, тижорат мақсадларида ёки нодавлат ташкилотларнинг реклама ва ҳужжатларида байроқ элементларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Ҳар куни ишхонамиз ёки маҳалламиз биноси олдидаги байроққа бир зум меҳр билан боқиб ўтайлик. Чунки у ота-боболаримизнинг асрий орзуси, бугунги кунимизнинг кўрки ва келажакка бўлган ишончимиздир.
Нигора Раҳмонова, ЎзА